Название: Мангу латофат: бадиалар
Автор: Иброҳим Ғафуров
Издательство: Yangi asr avlodi
isbn: 978-9943-8593-8-8
isbn:
Адибларнинг талант, ҳаёт ва инсонга қарашлари қанчалар бой бўлса, уларнинг саёҳатномалари шунчалар қизиқарли ва улуғ ибрат кучини қозонади. Саёҳатномалар, қолаверса, энг ишончли тарих ёки тўғрироғи, тарихларнинг энг ишончлисидир. Геродот, Плиний ва бошқа Рим, Юнон, Шарқ тарихчиларининг буюк асарлари – инсоният учун энг қимматли ёдгорликлар саёҳатлар таассуротлари ўлароқ пайдо бўлмадими! Ҳали Ибн Арабшоҳ ва Клавихоларни айтмаёқ қўяйлик. Бу гувоҳликлар бизнинг ўз тарихимизни танишимизда чексиз бир қиммат ва аҳамиятга эга.
Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсиятининг айрим нозик қирралари ҳақида сўйламоқчи бўлиб турамиз. Уларни унинг асарлари ва айниқса «Саёҳат хотиралари»дан худди ҳар ерга сочиб кетилган олтин зарралари каби ахтариб топамиз. Кўп замонлар уларга унчалар эътибор бермай ўтиб ҳам кетамиз. Чунки олтин зарралари ҳаёт тупроғи билан аралашиб ётади. Илғаб олгангина, олади.
Баъзан инсон шундай бир хилқатким, ёнида юз йил бирга яшасанг ҳам, уни билолмайсан. Ёки билиб улгуролмайсан. Баъзи хилқатларни билиш учун асрлар кетади. Навоийни, Саккокийни, Атоийни, Машрабни ҳамон билолмаймиз. Буюк ҳаким ота – Бақирғон ҳақида нима биламиз? Ҳолбуки у ҳаммадан дардли қилиб:
Одам ўғли туғдуқимиз ўлмак учун –
деган ер юзига келган энг буюк сўзлардан бирини шундай содда ва энг гўзал қилиб айтган. Нимани биламиз Бақирғон ҳақида?
Баъзан инсон шундайин бир хилқатки, бир зум ичида, бир оғиз сўзидан унинг кимлигию ота-боболарининг ҳам ким ўтганлигини билиб оласиз.
Ҳар золимнинг еринда тўқсон турлуғ чиён бор
Учмоқ айтур санда йўқ, манга келса ўлим йуқ.
Турлук неъматлар онуқ юз минг ҳазор алвон бор
Тамуғ мунглаша келди билдиргучи Раҳмон бор…
Тамуғ мунглаша келди… – шунчалар афсункор бу сўзлар. Бу – Бақирғон шивирлаб айтган сўзлар. Дунёни унинг фантастик томури била бирлан билишга, кўз ўнгига ибрат мусаввироти каби келтиришга чақирадиган сўзлар… Ҳар ерда бор нарсаларни билиш учун саёҳатномалар ёзилади. Билган балки ибрат олади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ибрат олиш ва ибрат бериш учун Россия, Европа, Кичик Осиё ерларига борган.
Умуман инсонни билиш қийин. Оловни билиш, Ҳаво ҳазратлари, Нур ҳазратларини билиш осонроқдай туюлади. Асли уларни ҳам билиб бўлмайди. Қаердан келяпти, қаерда тугайди? Нега одам Ҳаводан бино бўлди?
Маҳмудхўжа ўта шоирона табиатли. У гўзал манзараларни севади, қалбига, хотирасига жо қилади. Улардан ўта қаттиқ таъсирланади. Катта бир романист адибнинг қаламига хос бўлган унсурлар пайдарпай ёғилади. Маҳмудхўжа Дамашқ – Шом шаҳрига борганда у ердаги Умавиййа жоме шарифини шундай тасвирлайди: «Уч тарафи равоқ ва масжиди муштамил (ўз ичига олган). Ҳарамни узунлиги 240 газ, эни 100 газ бўлуб, ўртаси мармар сандур. Ва саҳн ўртасинда хаштсу бир мармар СКАЧАТЬ