ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК - Комил Синдаров страница 18

Название: ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК

Автор: Комил Синдаров

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-20-780-6

isbn:

СКАЧАТЬ шу жиянига мерос қолдирганди.

      – Нега ўз фарзандлари туриб, бутун бошли дорихонани синглисининг ўғлига қолдирган? Бунга бирор сабаб борми? – Санжарбек гувоҳни «қитиқлаб» кўрмоқчи бўлди.

      – Нима бўпти? – Қосим эътироз қилди. – Адамиз ҳаммамизга етарли мол-давлат қолдирди. Ҳеч кимни хафа қилгани йўқ. Луқмон ака адамга нафақат жиян, балки шогирд ҳам эди. Кўп йиллар хизматида бўлди. Кўнглидан чиқди.

      – Лекин акаларингиз адангизнинг бу қарорини маъқулламаган экан-ку! Ҳозиргача Луқмонга кек сақлаб юраркан.

      – Тўғри, учала акам ҳам Луқмон жиянни унчалик хушламасди, – гувоҳ гапнинг қаёққа қараб кетаётганини фаҳмлади шекилли, сергакланди. – Нима, акаларимдан кўряпсизми?

      – Биласиз, қотил топилгунча марҳумнинг ён-атрофидаги ҳамма одамлардан шубҳаланишга тўғри келади, – терговчи очиғини айтишга мажбур бўлди.

      – Майли-куя, лекин акаларим бунақа ишга қодир эмас, – деди Қосим қизариб-бўзариб. – Катта акам қамалиб кетгани сизга маълум бўлса керак. Осим, Жасим акамлар балки мен дунёда кўрган энг омадсиз, шўр пешона одам бўлса ажабмас… Шу оғу ўлгирни деб ҳаётда бор-будидан ажралган, гулдай оиласини чил-парчин қилган, жамиятда ўз ўрнини йўқотган бу бедаъво бандалардан ҳар қандай аҳмоқликни кутиш мумкин, аммо қотилликни эмас. Бировни ўлдириш учун ҳам кишида қандайдир журъат, шижоат бўлиши лозим эмасми? Бизнинг қариндошларда бунақа сифатнинг ўзи йўқ. Шубҳангиз ноўрин – Хулоса қилишга шошилманг, Қосимжон! – деди терговчи кулимсираб. – Акаларингизнинг анчадан бери аламзада бўлиб юргани рост. Вақт-бевақт жиянларининг олдига келиб, жанжал кўтарганлири ҳам ҳақиқат. Гиёҳванд, ароқхўр кимса учун икки дунё бир қадам, нафсини қондириш учун ҳеч нарсадан тоймайди. Ўша пайтда кейин нима бўлиши ҳам уларни қизиқтирмайди.

      – Гапингиз тўғри, – эҳтиёткорлик билан фикр билдиришда давом этди гувоҳ, – лекин Осим акам ҳам, Жасим акам ҳам жуда унақа… бировни ўлдирадиган даражада одамгарчиликдан чиқиб кетишмаган. Тўғри, улар омадсиз, йўлдан адашган бандалар аммо уларнинг қотиллик қилишига ишонмайман. Сиз улардан гумонсираб адашаяпсиз.

      – Бўлиши мумкин, – тушунтиришга ҳаракат қилди терговчи, – гумонсираш ҳали бу айбдор дегани эмас. Акаларингиз билан муносабатингиз қандай?

      – Деярли йўқ, – каловланди Қосим. – Уларга гап-сўз таъсир қилмаса, нима қилай? Бошида уларни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдим. Ўз билганларидан қолишмади. Ҳамма нарсасини бой беришди. Укам бўлса экан, қулоғининг тагига қўйиб юбориб, айтганимни қилдирсам.

      Санжарбек сўроқни тугатиб, гувоҳга жавоб бергач, жойида ўтирганча хаёлга толди, ака-укалардан шубҳаланиб, нотўғри йўлга кириб кетгандай, вақтни бекорга ўтказаётгандай ҳис қилди ўзини. Ҳеч қандай натижа чиқмаса, нима бўлади? Беҳуда ишларга овуниб, тўғри йўлдан чалғиш яхши эмас. Кўп имкониятлар бой берилади…

      Тезкор ходимлардан бири ака-ука Сайфиевлар келганлигини хабар қилди. Терговчининг рухсати билан сўроққа олдин Осимни олиб киришди. Остонада уст-боши бир алфозда, сочлари тўзғиган, юзларини ажин босган киши кўриниши СКАЧАТЬ