– Ё меники бўласан, ё ҳеч кимники! – деб машина эшигига тарсиллатиб шаппат урди.
Кечаси бирдан ҳаво совиб, дағ-дағ қалтирай бошладим.
Мен-ку баҳарнав ичкаридаман, унинг ҳоли не кечдийкан деб ойнадан қарасам, ўша-ўша – ғилдиракка суяниб, ойга қараганча ўй ўйлаб ўтирибди.
Бир зум раҳмим ҳам кепти.
Тонгга яқин қуш уйқуси ичида Олмосни кўрдим. У куйиниб ниманидир гапирар, лекин овози эшитилмас, мен уст-бошимдаги қон-қусни кўрсатиб изоҳ бермоқчи бўлардиму, мениям товушим ичимга кетарди.
Машриқ тараф кўкариб, саҳро осмонида биргина Зуҳро қолди.
10 сентябрь
Юсуф мен ўйлагандан кўра маразроқ, тубанроқ, аблаҳроқ бўлиб чиқди.
Оқшом қилган хатти-ҳаракатлари ҳолва экан. Машинани ўзи ўчириб, бензин йўқ деб алдаганини, бу билан мени тонггача тутиб турмоқчи бўлганини саҳар билдим.
Оламни ёритган тонг унинг башарасини ҳам очиқ-ойдин кўрсатди.
Қишлоққа кириб бораверишда уловини тўхтатиб, ишшайди:
– Бугуноқ пешиндан кейин совчи юбораман, розилик бер, бошқа йўлинг йўқ! Мен билан бир кеча бирга бўлдинг, ҳамма ёғинг қон! Сен меникисан, йўқ десанг, дунёга жар солиб бадном қиламан! Аканг нима, худойингданам қўрқмайман!
Унинг бошқа сўзлари қулоғимга кирмади, кўнглим озиб, ҳушимни йўқотдим.
Душанба куни тушдан кейинларга ўзимга келибман.
Ҳамшира иссиғимни ўлчаб, сув берди-да, уёқ-буёқни тўғрилаб, бош шифокорни чақирди. Шифокор билан бирга дадам ҳам кирди…
Бирдан қўрқиб кетдим, уятдан “ҳозир худо даҳшатли зилзила солсаю ҳамма шу офат билан овора бўлиб, мени эсдан чиқарса”, деган фикр миямни чархлаб ўтди. Кўзимни юмиб, уришиб беради, уриши ҳам мумкин деб ўйлаб ётсам, у кутилмаганда бошимга эгилдию бир жуфт йирик-йирик илиқ томчи юзимга томди.
Дадамда фарзандга қўл кўтариш одати йўқ эди, сабабини бобом раҳматли шундай изоҳлагани эсимда:
– Ҳамма боласини белдан топган бўлса, сизларни ота-онанг зиёратгоҳларда юриб-юриб, авлиёлардан тилаб олган…
Бўлиб ўтган воқеани дадамга рўй-рост айтиб бердим…
Шифокор дадамга, “Қизингизни текшириб кўрамиз, агар бирор гап бўлса, анавини қаматишга ҳаққингиз бор”, деб елкасига дўстона қўл қўйди.
Кейин ҳамшира билан аёллар бўлимига бордик, мени текширишди, шукурки, ҳаммаси жойида экан.
Лекин бу ҳақиқат мени турли ёлғонлардан, иснод ва маломатдан қутқариб қололмади…
11 сентябрь
Ҳушимдан кетганимни кўриб ўтакаси ёрилган Юсуф туман касалхонасига олиб келганидаги аҳволимни шу жойда даволанаётган ҳамқишлоқ хотин кўрган ва уйидагиларга ҳам етказган экан. Ўша хотин ҳар куни СКАЧАТЬ