«Ўша совуқ қиш кунлари москвалик ёзувчилар кўпинча бизникига келишарди, – дейди Муҳаррам опа. – Ўтин йўқ. Ҳаммамиз танча атрофига ўтиришиб, кўрпа ёпиниб исинишардик. Адиблар жим ўтириб, радиодан Совинформбюронинг кечки ахборотини эшитишарди. Кейин бир-бирларининг гапини бўлиб, узоқ муҳокама қилишарди. Ундан кейин совуқ хоналарга чиқишиб, тонг отгунча ёзишарди. Ғафур акангиз ҳам кечаси билан ишлаб, эрталаб тонг отар-отмас ёзганларини газета ва радиоларга олиб кетардилар…»
Ҳа, Ғафур акани бутун жаҳонга машҳур қилган, миллион-миллион кишиларни титратган «Халқ отланди!», «Мен яҳудий», «Сен етим эмассан» шеърлари халқимизнинг бошига катта мусибат тушган ўша совуқ қиш кечалари, совуқ ижодхонада қайноқ қалб ва жўшқин туйғулар билан ёзилган.
Кўз олдимга қирқ биринчи йилнинг совуқ қиш кечалари, эгнида пўстин, хонада ўйчан айланиб юрган Ғафур ака келади.
Мен билган Ғафур ака ниҳоятда қувноқ, хушчақчақ бир одам эди. Лекин миллион-миллион кишиларнинг қалбига ларза солган, одамларнинг дилини ёруғ нур билан тўлдирган бу тиниқ шеърларни хушчақчақ бир ҳолатда ёзиб бўлмайди… Мана, Ғафур ака юришдан тўхтаб, қаламининг учини тишлаганича бир зум қоғозга тикилиб қолди, сўнг ўзини креслога ташлаб, лабларини тишлаганича тез ёза бошлади… йўқ, бу шунчаки бир расм эмас. Мен уруш йиллари олинган суратларининг бирида Ғафур акани – худди шу ҳолатда кўрдим.
Сал қисилган кўзларида чуқур хаёл, бир бет қоғозга тикилиб, қаламини тишлаб ўтирибди. Яна бир сурат: Ғафур ака, эгнида шинель, госпиталда ярадор аскарлар билан суҳбатлашмоқда. Учинчи сурат: шоир, қўлида дафтар, кўп минглик митингда шеър ўқимоқда. Мана, Ғафур ака ғарбдан, фронтдан эвакуация қилинган гўдаклар орасида…
Кўзлари катта-катта, чўпдай озғин болаларнинг бошларини силаб турган Ғафур аканинг бу сурати яна «Сен етим эмассан» шеърини эсимга туширди. Ғафур ака бир гапида бу шеърни вокзалда ота-оналари фронтда ҳалок бўлган маъсум гўдакларни кўриб, туғёнга тушганида бошлаб, уйига етгунча ёзиб тугатганини ҳикоя қилиб берган эдилар…
Ғафур аканинг уруш йиллари яратган шеърлари «Шарқдан келаман» деган кичкинагина бир тўплам бўлган. Ҳозир камдан-кам топиладиган бу ноёб китоб Давлат мукофотининг лауреати деган диплом билан бирга Ғафур аканинг ижодхонасида, шоирнинг катта портрети ёнида турибди…
Мана, яна бир катта папка… Йўқ, Ғафур аканинг ижодий меросини тўла қамраб олиш мумкин эмас! Мен буни учинчи куни кечқурун Ваҳоб Рўзиматов олдимга шу қалин папкани қўйганида тушундим. Бу папкада Ғафур аканинг севги ҳақидаги лирик шеърлари (Ғафур ака севги ҳақида шеър ёзмаган деб ким айтувди?), Машраб ва Фурқат ижодлари ҳақидаги мақолалари, Шош шаҳри (Тошкентнинг СКАЧАТЬ