Атоқли адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов «Ойбек маҳорати» китобининг «Навоий» романига бағишланган бобини «Буюк шахс фожиаси» деб атайди. Олим асарни бадиий маҳорат нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил этади-ю, негадир романда «буюк шахс фожиаси» масаласини етарлича ёритиб бермайди. Бунинг муайян сабаби бор. Асарда Навоий, унинг улуғ идеаллари, орзу-интилишлари, гуманизм билан замонаси, аниқроғи, салтанат орасидаги зиддиятлар кенг тасвир этилади, адиб бу зиддиятлар туфайли шоир қалбида кечган руҳий кечинмаларни, шунингдек, қарашлардаги айрим ожиз жиҳатларни ҳам кўрсатади, лекин бу ҳол, менингча, асарнинг асосий пафосини ташкил этмайди. Навоий даҳоси, ундаги ақл-идрок, мушоҳадакорлик, тадбиркорлик ҳамиша биринчи ўринга олиб чиқилади… Кейинги йилларда яратилган тарихий романларда эса улуғ шахсларнинг фожиаси, қалбидаги руҳий драматик туғённи пафос ҳолига кўтариш характерли хусусият бўлиб қолаётир.
ЁЗУВЧИ. Бу ердаги фарқнинг сабаби материалнинг характерида бўлса керак, деб ўйлайман. Навоий тўғрисидаги романга кўра Ибн Сино, Улуғбек, Бобур ҳаётидан олинган асарларда драматизм, фожиавий тасвирнинг кенг ва чуқурроқ бўлиши табиий. Чунки, ҳазрат Навоий бошига тушган кулфатлар қанчалик оғир бўлмасин, Улуғбек ёки Бобур бошига тушган савдолар характери бошқача, кескин ва даҳшатли. Навоий билан Бойқаро ва ўша даврнинг қолоқ, тубан кимсалари орасида кечган зиддият, тўқнашувлар бошқаю Улуғбек билан ўз ўғли – оқпадар Абдулатиф ва дин пешволари ўртасидаги қарамақаршилик, курашлар табиати, зарби, шиддати ўзгача! Бадиий конфликт, гарчи унинг ифода тарзи, хиллари қанчалик турли-туман бўлмасин, пировард натижада ҳаётдаги зиддиятларнинг инъикоси-ку! Шу маънода сўнгги романларда улкан тарихий шахсларнинг фожиаси кескин тарзда тасвирланган экан, бунга «Навоий»дан ўзиб кетиш, деб қарамаслик керак.
ТАНҚИДЧИ. Гапингиз тўғри, асарда кўп нарса ҳаётий материалнинг характерига боғлиқ. Аммо бунда ижодий анъаналарнинг роли ва аҳамиятини ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди. Сўнгги йиллар адабиётида ҳаётни, характерларни бутун мураккаблиги, зиддиятлари, ҳаётий муаммоларни ўткирлиги, кескинлиги билан кўрсатиш тамойили хийла кучайдики, бу ҳол тарихий мавзудаги асарларга, жумладан Ибн Сино, Улуғбек, Бобур образлари талқини, ифодасига ҳам дахлдордир.
Тарихий роман, умуман тарихий асар учун яна бир мушкул ижодий муаммо – тарихий давр, СКАЧАТЬ