Диққатини жамлаш мақсадида Кирш бир лаҳза тин олди ва секин одимлаб дераза ёнига борди, пастдаги мафтункор манзарага кўз ташлади. Қуёш нурлари остида ястаниб ётган яйловлар водий бўйлаб чўзилиб, Кольсерола тоғ тизмасининг этакларигача етиб борган ва юксак чўққиларга йўл очган эди. Уфқнинг олис бурчагида, Балеар денгизи томонларда паға‐паға қора булутлар ғазабга тўлгандек шиддат билан тўпланаётганди.
“Ўхшашликни қаранг”, хаёл қилди Кирш. У ташқарида кўтарилажак бўронга ҳамоҳанг равишда, тез орада дастлаб бу хонада, сўнгра бутун дунёда тўс‐тўполон кўтарилишини ич‐ичидан ҳис қилиб турарди.
– Жаноблар, – хитоб қилди Кирш дабдурустдан ортига ўгирилиб, – ишончим комил, руҳоний Вальдеспино махфийлик ҳақидаги илтимосимни аллақачон сизларга етказган. Суҳбатимизни давом эттиришдан аввал аниқлаштириб олишни истардимки, ҳозир сиз билан бўлишмоқчи бўлган гапларимнинг бари мутлақо сир тутилмоғи даркор. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, орамизда бўлғуси гаплар ҳақида чурқ этмасликка қасам ичишингизни сўрайман. Келишдикми?
Учала эркак сўзсиз бош ирғади. Кирш қасам ортиқча эканини ҳис қилди. “Буюк зотлар бу хабарни, шаксиз, ўзлари билан гўрига олиб кетишни афзал билишади, овоза қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.”
– Ушбу учрашувдан мақсад, – сўз бошлади Кирш, – яқинда қилган илмий кашфиётим ҳақида хабар бериш эди. Янгилигим сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман. Инсоният ҳаётининг асоси бўлган икки саволга жавоб олиш учун камина узоқ йиллар мобайнида изланиш олиб бордим ва ниҳоят, муваффақиятга эришдим. Мен атайдан ёнингизга ташриф буюрдим, чунки бу хабарим дунё художўйларига кучли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъбир жоиз бўлса, кашфиётим диндорлар учун улкан бурилиш ясаб, уларнинг эътиқодига путур етказиши эҳтимоли юқори. Айни дамда сизларга айтмоқчи бўлган маълумотимдан хабардор ер юзидаги ягона тирик жон ўзимман.
У гапини тугатиб, костюмининг чўнтагига қўл суқди ва смартфон чиқарди. Бошқа қўл телефонларига қараганда анча йирик бўлган бу смартфонни Киршнинг шахсан ўзи ясаган бўлиб, махсус эҳтиёжлар учун хизмат қиларди. Ёрқин рангли мозаика кўринишида бўлган телефонни у бир ҳаракат билан кичик телевизор шаклига киритди ва ҳурматли зотларнинг рўпарасига жойлаштирди. Йигит телевизорда жонли тақдимотини кўрсатиш учун ўта даражада ҳимояланган серверга уланиб, қирқ етти белгидан иборат кодни теришга ҳозирланди ва гапида давом этди: – Ҳозир кўрсатмоқчи бўлган нарсам – тахминан бир ойдан кейин бутун жаҳонга ошкор этилажак янгилигимнинг бир қисми. Лекин бу хабарни улашишдан олдин дунёга таъсири кучли дин пешволари билан маслаҳатлашишга қарор қилдим. Чунки кашфиётимдан энг кўп таъсирланадиган кишилар қандай муносабат билдириши билан қизиқдим.
Руҳоний уф тортиб юборди. Унинг сасида хавотир эмас, балки зерикиш зоҳир эди.
– Интригага гап йўқ, жаноб Кирш. Кўрсатажак маълумотингиз СКАЧАТЬ