– Яна кимдир узукни қидираётган бўлса-чи? – сўради Сьюзан хаёлига келган фикрдан асабийлашиб. – Девиднинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинми?
Стратмор бошини чайқади:
– Узукнинг мавжудлигини ҳеч ким билмайди. Мен бекорга Девидни юбормадим бу ишга. Оддий тилшунос ўқитувчининг Испанияга сафар қилиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди.
– Девид оддий ўқитувчи эмас, у профессор, – командорнинг гапини тўғрилади қиз ва дарҳол тилини тишлади. Стратмор қайлиғи ҳақида шу вақтгача ножоиз сўзламаган бўлса ҳам, Девидни барибир унга нолойиқ деб кўришини қиз сезарди.
– Жаноб, – гапини давом эттирди у. – Бугун тонгда Девидга телефон орқали воқеани айтиб бераётганингизда, сизларни эшитишган…
– Бундай бўлиши эҳтимолдан жуда йироқ, – Стратмор қизнинг гапини бўлди. – Мен яхши ҳимояланганман, МХА директори ўринбосари бўла туриб биров мени яширинча пойлашига йўл қолдирмайман, ўзинг биласан”, – қатъий оҳангда гапирди командор, қўлларини елкасига чалиштириб. – Агар бирор хавфни сезганимда, икки дунёда ҳам Девидни у ерга юбормаган бўлардим, – деди у ва жилмайиб, қўшимча қилди: – Ишон менга! Бирор муаммо чиқадиган бўлса, бутун бошли армияни Севильяга, йигитингнинг ёнига юбораман.
Шу пайт Nod 3 нинг эшиги ортида кимнингдир шарпасини сезиб, командор гапдан тўхтади ва қиз иккови баравар ўгирилиб қаради.
Техник бўлим ходими Фил Чатрукян юзини ойнаванд деворга босганча зўр бериб ичкарида нима бўлаётганини кўришга ҳаракат қилаётганди. Унинг нима деётганини овоз ўтказмайдиган шиша девор туфайли англаб бўлмасди, бироқ, афтидан, Фил арвоҳни кўргандек бесаранжом эди.
– Чатрукян бу ерда нима қилиб юрибди, жин урсин-е! – асабийлашди Стратмор. – У бугун навбатчи эмасди-ку?
– Муаммо чиққанга ўхшайди, – деди Сьюзан. – Ҳойнаҳой мониторни кўриб қолган.
– Минг лаънат, – командорнинг овози вишшиллаб чиқди. – Мен атайдан бугунги навбатчи техникка қўнғироқ қилиб, ишга келмаслигини айтгандим!
Сьюзан бундан ажабланмади. Техник ходимларни навбатдан ташқари ишдан озод қилиш кўзда тутилмаган бўлса ҳам, Стратмор бугун ёлғиз бўлишни режалаштиргани шубҳасиз эди ва Филнинг кутилмаган ташрифини умуман ҳисобга олмаганди.
– Менимча, биз Трансхабарни тўхтатишимиз керак, – таклиф қилди Сьюзан. – Мониторни қайтадан ишга туширамиз ва Филга кўрган нарсалари ҳақиқий эмаслигини тушунтирамиз.
Стратмор ўйлаб турди, сўнг бошини чайқаб:
– Ҳозир эмас. Трансхабар ўн беш соатдан бери шифрни ечишга ҳаракат қиляпти. Мен у тўлиқ йигирма тўрт соат ишлашини кутаман. Ишонч ҳосил қилиш учун, – деди.
Бу фикр Сьюзанга жўяли туюлди. Рақамли қалъа айланма матн билан ёзилган биринчи алгоритм эди. Балки, Танкадо қаердадир янглишгандир; балки, Трансхабар кодни йигирма тўрт соатдан кейин ечишга муваффақ бўлар…
– Трансхабар СКАЧАТЬ