Название: Жавдарзордаги халоскор
Автор: Дж. Д. Сэлинджер
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-176-4
isbn:
У ростдан ҳам чин дилдан ёрдам беришни хоҳлаётгани кўриниб турарди. Бироқ иккимиз умуман бошқа-бошқа дунёмиз, ҳамма гап шунда.
– Биламан, сэр, – дедим. – Катта раҳмат. Чиндан буни қадрлайман. Ростдан ҳам.
Кейин каравотдан турдим. Уф, бу каравотда яна ўн дақиқа ўтиргудек бўлсам, ўлиб қолишим тайин. Жоним ҳали ўзимга керак.
– Афсуски, кетадиган вақтим бўлди. Спортзалда уйга олиб кетишим керак бўлган бир қанча лаш-лушларим қолган. Ростдан ҳам уларни бориб олмасам бўлмайди.
У менга бир қараб олиб, ўша жиддий юз ифодаси билан тағин бош ирғашни бошлади. Тўсатдан унга қараб ичим ачиб кетди. Бироқ бу ерда қолишга ортиқ тоқатим қолмади. Сабаби, биз умуман бошқа-бошқа дунё эдик. Бунинг устига, каравот устига бирор нарсани отгудек бўлса мўлжални ҳеч ололмасди. Унинг кўксини кўрсатиб турган мана бу эски, увада халат, Викс томчисининг хонани босган ёқимсиз ҳиди, бари бир бўлди.
– Қаранг, сэр. Мен ҳақимда ташвишланманг. Жиддий гапиряпман. Ҳаммаси жойида бўлади. Мен ҳозир ўтиш давридаман, ахир бу давр барчанинг бошида бор-ку.
– Билмадим, йигитча. Билмадим.
Мен бундай жавоблардан нафратланаман.
– Шубҳасиз, шундай. Ҳамма бу даврдан ўтади, – дедим мен. – Жиддий айтяпман, сэр. Мендан хавотир олманг. – Унинг елкасига қўлимни қўйдим. – Майлими?
– Кетиш олдидан иссиқ шоколадга тобинг қалай? Спенсер хоним жуда мамнун…
– Жон дердим… Аммо кетмасам бўлмайди, рости. Тўғри спортзалга боришим лозим. Шундай бўлса ҳам раҳмат. Катта раҳмат сизга, сэр.
Сўнг қўл сиқишдик. Буларнинг барчаси бемаънилик, аммо негадир бу кўнглимни чўктириб юборди.
– Сизга, албатта, хат ёзаман, сэр. Бундан буёғига грипдан эҳтиёт бўлинг.
– Хайр, йигитча.
Эшикни ёпиб, ётоқхона томон кетаётганимда у ортимдан нимадир деб бақирди. Аниқ эшита олмадим. Аммо у “Омадингни берсин!” деб бақирганига ишончим комил. Умид қиламанки, бундай деб бақирмаган, бу жин ургур сўзни айтмаган. Мен ҳеч қачон ҳеч кимга “Омадингни берсин!” деб бақирмаган бўлардим. Агар билсангиз, бу сўз қулоққа жуда бемаъни эшитилади.
3
Мен ғирт ёлғончиман – мендақа алдоқчини умрингиз бино бўлиб кўрмагансиз. Бу жуда ёмон одат, биламан. Агар журнал сотиб олгани дўконга кетаётган бўлсам-у, йўлда кимдир қаерга кетаётганимни сўраса, опера тинглагани, деб юбораверишим ҳам ҳеч гап эмас. Ўта ярамас одат! Қария Спенсерга спортзалга бориб, анжомларимни олишим кераклиги ҳақида айтган гапим ҳам ғирт ёлғон эди. Аслида мен нарсаларимни спортзалда қолдирмас эдим.
Пенсида янги қурилган ётоқхоналарнинг Оссенбургер деб аталган қисмида яшардим. Бу бинода ўн биринчи ва ўн иккинчи синф ўқувчилари турарди. Мен ўн биринчи синфда ўқирдим. Хонадошим эса битирувчи ўқувчи эди. Бизнинг ётоқхона Пенси мактабини СКАЧАТЬ