Название: АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар
Автор: Джеймс Клир
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-194-8
isbn:
Бирон-бир одатга содиқ қолиб, “Яширин потенциал платоси”дан ўта олишимиз ёки олмаслигимиз нимага боғлиқ? Нима сабабдан айрим одамлар яхши одатларнинг жамланишидан фойда кўради-ю, бошқалар ёмон одатлар ботқоғига ботганча қолиб кетаверади?
Кенг тарқалган қарашларга кўра, ҳаётда биз истаган нарсага эришишнинг энг яхши йўли бу – ўз олдига амалга ошириш мумкин бўлган аниқ мақсадлар қўйишдир. Биз танамизни чиниқтириш, муваффақиятли бизнесга асос солиш, кўпроқ дам олиш ва камроқ хавотирланиш, дўстлар ва оила даврасида кўпроқ вақт ўтказишни исташимиздан қатъи назар, олдимизга тўғри мақсад қўйсак бўлгани, уларнинг ҳаммасига эришамиз.
Узоқ йиллар давомида мен ҳам шундай фикрда бўлиб келганман. Мен учун ҳар бир одат – эришиш керак бўлган мақсад эди. Мактабда ўқиб юрган кезларимда оладиган баҳоларим, спорт залда кўтара оладиган тошимнинг вазни, бизнесдан топадиган даромадимнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида мақсад эди. Улардан фақат айримларига эриша олдим, холос. Кўпи эса армон бўлиб қолди. Кейинроқ етишган натижаларим ва олдимга қўйган мақсадларим ўртасида ҳеч қандай боғланиш йўқлигини, аксинча улар иш услубим билан кўпроқ алоқадор эканини тушуна бошладим. Мақсад билан тизим ўртасидаги фарқ нимадан иборат? Бу саволга жавобни мен биринчи марта “Дилберт” комикслар муаллифи Скотт Aдамсдан олганман. Унинг фикрига кўра, мақсад – эришишни истаган натижаларимиз, тизим эса шу натижаларга эришиш жараёнидир.
• Мураббийнинг мақсади – чемпионликка эришиш. Ўйинчиларни танлаш, ёрдамчи мураббийлар фаолиятини бошқариш, машғулотларни ташкил қилиш услуби унинг тизимидир.
• Тадбиркорнинг мақсади – миллион долларлик бизнесни яратиш. Янги маҳсулотларни синаб кўриш, ишчиларни ёллаш, реклама кампанияларини ташкиллаштириш кабилар эса унинг тизимига киради.
• Мусиқачининг мақсади – янги асарни ижро этиш. Қай тарзда машқ қилиш, қийналган жойларига алоҳида эътибор бериш, устозининг танқидини қандай қабул қилиш, у аниқлаган камчиликларни қандай бартараф этиш – мусиқачининг тизимидир.
Энди қизиқ бир савол: агар мақсадларингизни бутунлай четга суриб қўйсангиз ҳам муваффақиятга эришишингиз мумкинми? Мисол учун, баскетбол жамоасининг мураббийи чемпион бўлишга эътибор қаратмай, фақат жамоаси ҳар куни қандай машғулотлар қилаётганига диққатини қаратса яхши натижаларга эришадими?
Менинг фикримча, ҳа.
Ҳар қандай спорт мусобақасида қатнашишдан мақсад ғолиб бўлиш, албатта. Aммо бутун ўйинни таблога қараб ўтказиш тентаклик бўлган бўлар эди. Aмалда ғолиб бўлишнинг ягона йўли ҳар куни оз-оздан яхшиланиб боришдир. Уч карра Супер кубок совриндори Билл Уолшнинг сўзлари билан айтганда: “Ҳисоб ўз-ўзидан чиқаверади”. Ушбу фикр ҳаётнинг бошқа жабҳалари учун ҳам тегишли. Aгар яхшироқ натижаларга эришишни истасангиз, олдингизга мақсад қўйишдан тийилинг. Бунинг ўрнига эътиборни тизимга қаратинг.
СКАЧАТЬ