Название: АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар
Автор: Джеймс Клир
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-194-8
isbn:
7
Табиийки, шахсиятимизнинг айрим жиҳатлари вақт давомида ўзгармайди. Масалан, ўзимизни баланд ёки паст бўйли деб ҳисоблашимиз. Аммо шу сингари доимий белги ва сифатларни ижобий ёки салбий қабул қилишимиз ҳаётимиз давомида турли воқеалар таъсирида ўзгариб туради.
8
Атом одатлар шу сабабга кўра ҳам ўзгаришларнинг самарали кўринишидир. Агар шахсиятимизни жуда тез ўзгартириб, қисқа вақт ичида бутунлай бошқа одамга айланадиган бўлсак, худди ўзлигимизни йўқотиб қўйгандек ҳис қиламиз. Аммо шахсиятимизни аста-секин янгилаб, кенгайтириб борсак, бир вақтнинг ўзида ҳам янги шахсият ҳосил қиламиз, ҳам аввалги ўзлигимизни сақлаб қоламиз. Аста-секин бир одат кетидан бошқасига, бир мисолдан кейингисига ўтганимиз сайин янги ўзлигимизга кўникиб борамиз. Атом одатлар ва кичик ўзгаришлар ўзликни йўқотмасдан туриб уни ўзгартиришнинг калитидир.
9
Малкольм Гладуэллнинг “Нигоҳ” китобида келтирилган Гетти Курос ҳақидаги ҳикоя бунга яққол мисол бўла олади. Дастлаб Қадимги Юнонистонга тегишли деб тахмин қилинган ҳайкал ўн миллион долларга харид қилинган эди. Ҳайкал борасидаги мунозаралар кейинроқ, экспертлардан бири уни бир қарашдаёқ сохта эканини айтгандан кейин бошланди.
10
Гарчи Юнгнинг ушбу ибораси машҳур бўлса хам, унинг манбасини топишда қийналдим. Менимча, у қуйидаги парчанинг ўзгартирилган шакли бўлса керак: “Психология қоидаларига кўра ички жараён онгли қабул қилинмаса, у ташқарида намоён бўлиб, тақдир сифатида қабул қилинади. Яъни агар индивид бир бутунлигича қолиб, ички душманидан огоҳ бўлмаса, буни атрофдаги олам бажаришга мажбур бўлиб, икки қарама-қарши паллаларга парчаланиб кетиши керак бўлади”. Қўшимча маълумот учун қаранг: C.G. Jung, Aion: Researches into the Phenomenology of the Self (Princeton, NJ: Princeton University Press, 1959), 71.
11
Японияга борганимда бу усул бир аёлнинг ҳаётини сақлаб қолганига гувоҳ бўлганман. Унинг ўғли эшиклар эндигина ёпилаётганда поездга чиқиб олди. Бу соатига 300 километрдан зиёдроқ тезликда ҳаракатланадиган Япониянинг машҳур Шинкансен поездларидан бири эди. Аёл платформада туриб, ўғлини ушлаб олишга уринган пайтида қўли эшикка қисилиб қолди. Поезд энди йўлга чиқаётан пайтда темир йўл хизматчиларидан бири платформа бўйлаб “кўрсатиш ва айтиш” усулида хавфсизлик текширувини ўтказди. Беш сония ичида у аёлни кўриб, поездни йўлга чиқишдан тўхтатишга муваффақ бўлди. Эшик очилди, кўзларида ёш тўла аёл ўғли томонга югурди, поезд эса бир дақиқадан кейин хавфсиз йўлга чиқди.