2
Фрэнк Алжернон Каупервуднинг болалиги оилавий хотиржамлик ва тўқчиликда ўтиб борарди. Улар ўн йил яшашган Батнвуд стритдаги ҳаёт ҳар қандай болакайга маъқул келган бўларди, албатта. Бу кўчада асосан қизил ғиштдан қурилган, пастгина оқ мармар зинали, эшик ва деразалари атрофига ҳам оқ мармардан безак қопланган икки қаватли уйлар бор эди. Кўча бўйлаб қатор дарахтлар зич экилган. Думалоқ йирик тошлар бир текис териб чиқилган йўл ёмғирдан кейин ялтираб очилиб турарди, доим зах бўладиган қизил ғиштли йўлкалардан эса салқин уфурарди. Ҳар бир уйнинг ортида дарахтлари бўлган ҳовлилар бор эди, чунки бу ердаги ер участкалари эни юз футга чўзилган бўлиб, уйларнинг ўзи эса йўлка томонга сурилган ва орқасида анчагина бўш ерлар бор эди.
Табиатан содда одамлар бўлган эр-хотин Каупервудлар болаларини хурсанд қилиш учун уларнинг кўнглига йўл топишни билардилар. Шунинг учун ҳам отаси Нью-Маркет стритдаги янги уйга кўчиб ўтишга қарор қилгунга қадар ҳар икки-уч йилда биттадан болага кўпайган бу оила ҳаёт қозонида қайнаётган кичкина дунёга ўхшарди. Ҳенри Уортингтон Каупервуднинг лавозими кўтарилганидан бери бошқалар билан алоқалари тобора кенгайиб бораётган ва шу кунга келиб, у анчагина кўзга кўринган одамга айланиб улгурганди. У ўз банкининг йирик омонатчилари билан таниш-билишчилик қилар, иш юзасидан бошқа банкларда ҳам бўлишига тўғри келгани учун Қўшма Штатлар банкида ҳам, Дрексель, Эдвард ва бошқа кўп банкларда ҳам Ҳенрини аллақачон “ўзларининг одами” деб ҳисоблашарди. Биржа маклерлари уни йирик молия ташкилоти вакили сифатида танир, ақлан ўта кучли деб билишмаса-да, у жуда ишончли ва ўша ишончни оқлай оладиган одам сифатида танилганди.
Ёш Каупервуд борган сари отасининг ишларига қизиқиб борарди. Шанба кунлари кўпинча унга банкка боришга рухсат беришар ва у маклерлик операциялари қандай олиб борилиши ва ҳар хил қоғозлар қандай чаққонлик билан айирбошланишини катта қизиқиш билан кузатиб ўтирарди. У қимматбаҳо қоғозларни қаердан олишади, мижозлар нима учун векселларнинг ҳисоб-китобида банкларга мурожаат қилишади, нега банк бундай ҳисобкитобларни қилади ва одамлар олган пулларини нима қилишади, деган саволларга жавоб топишни хоҳларди. Ўғли ишларига қизиқаётганидан хурсанд бўлган Ҳенри Каупервуд унга жараённи бажонидил тушунтириб берарди, шу сабаб Фрэнк жуда ёшлигидан – ўн-ўн беш ёшларидаёқ Американинг молия тизими тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиб, Штат банки нималиги, унинг Миллий банкдан фарқи қандай экани, маклерлар нима билан шуғулланиши, акциялар нималиги ва нега уларнинг курслари тебраниб туришига ақли етарди. У пул айирбошлаш воситаси эканини, ҳар қандай нарх (қиймат) биргина олтиннинг қийматидан келиб чиққан ҳолда ифодаланишини тушуниб етганди. Ҳиссиётлар ва ҳаётий нозик жиҳатлар шоир учун қанчалар табиий бўлса, туғма сармоядор бўлган ёш Фрэнк учун ҳам бу қийин санъат билан боғлиқ барча билимлар шу қадар табиий эди. СКАЧАТЬ