Название: Фаренгейт бўйича 451º
Автор: Рэй Брэдбери
Издательство: Asaxiy books
isbn: 978-9943-23-199-3
isbn:
– Сўзларингиз қари одамникига ўхшайди.
– Баъзан мен ҳам ўзимни қаридек ҳис қиламан. Ўз тенгдошларимдан қўрқаман. Улар бирбирларини ўлдиришади. Наҳотки доим шунақа бўлган бўлса? Амаким доим бундай бўлмаган, дейди. Шу йилнинг ўзида олти нафар тенгдошим отиб ташланди, ўн нафари эса автомобиль ҳалокатида вафот этди. Мен улардан қўрқаман. Улар эса бунинг учун мени ёмон кўришади. Амакимнинг айтишича, унинг бобоси болалар бир-бирини ўлдирмаган даврларни эслаган экан. Аммо бу жуда қадимда бўлган. У пайтлар ҳаммаси бошқача бўлганмиш. Амаким яна айтадики, у вақтларда одамлар масъулият нималигини билишган. Агар билсангиз, мен ҳам масъулиятлиман. Чунки ўз вақтида, кўп йиллар олдин боплаб адабимни беришган. Ҳамма бозор-ўчарни ўзим қиламан ва уйдаги барча тозалов ишларини ўз қўлларим билан бажараман…
– Лекин ҳаммасидан ҳам кўпроқ, – давом этди қиз, – одамларни кузатишни яхши кўраман. Баъзан кун бўйи метрода юриб уларни кузатаман, гапларига қулоқ тутаман. Уларнинг кимлигини, нималарни орзу қилишини ва қаерга кетаётганини билгим келади. Баъзан кўнгилочар паркларда ҳам бўламан ва шаҳар бўйлаб елдек учиб, пойга ўйнайдиган автомобилларга чиқаман. Полициянинг улар билан иши ҳам йўқ. Уларнинг суғуртаси бўлса бўлди. Ёнингда ўн минг долларлик суғурта қоғозинг бўлса – олам гулистон. Баъзан метродаги суҳбатларга қулоқ тутаман, баъзан эса газли ичимликлар фаввораси ёнидаги одамларни эшитаман ва биласизми нима?
– Нима?
– Одамлар ҳеч нима ҳақида суҳбатлашишмайди.
– Наҳотки?
– Мутлақо ҳеч нарса ҳақида гаплашишмайди. Оғизларидан номлар тушмайди – автомобиль маркалари, мода, сузиш ҳавзалари номлари. Шуларга фақат “Қандай зўр!” деб қўшиб қўйишади. Ҳаммалари бир хил гапни қайтаришаверади ва ҳеч ким бошқасидан фарқли гап айтмайди. Кафеларда эса латифа қутиларини қўйиб, ўша бир хил ҳазилларни эшитишаверади, мусиқий деворларни ёқиб, рангли нақшларнинг у ёқдан-бу ёққа ўтишини томоша қилишади. Лекин булар жонсиз! Музейлар-чи? Музейларда ҳеч бўлганмисиз? Ҳаммаси жонсиз. Ҳозир ҳаммаси шунақа. Амаким бир пайтлар ҳаммаси ўзгача бўлган, дейди. Унинг айтишича, қачонлардир суратлар бир нималарни сўзлаган СКАЧАТЬ