Эшик очилиб Али Қушчининг хаёли бўлинди. Ичкаридан Шайхулислом Бурхониддиннинг таниш ингичка овози чийиллаб эшитилди:
– Ас салотин зиллалоҳу фил-арз! Онҳазратлари шаърий султонимиздур. Бас! Султонимизнинг фармони олийлари барчага амру вожибдур!
Унинг овозини босиб ғала-ғовур кўтарилган эди, устоднинг хиёл бўғиқ, ўктам овози янгради:
– Бас! Фармони ҳумоюн амру вожибдур! Амир Султоншоҳ барлос! Сиз отлиқ ҳировул15 билан дарҳол йўлга чиққайсиз!.. Амир Султон Жондор тархон, сиз баронғор16 суворийлар билан ҳировул қўшинларнинг ортидан юргайсиз. Насиб бўлса довонда учрашармиз. Маслаҳатлар учун ташаккур. Машварат17 тамом!
Эшикда шаҳар доруғаси Мироншоҳ, унинг кетидан қилич ва ханжар таққан амирлар, қизил кимхоб тўн кийган девонбеги билан сарой маҳрамлари кўринди. Ҳамманинг қовоғи солиқ, чеҳралари тунд эди. Заррин тўн кийиб, камарга олтин бандли шамшир таққан доруға Мироншоҳ Али Қушчига ер остидан бир қараб қўйди-да, рапидадай кенг юзини тескари буриб, мармар пиллапояларни дукурлатиб, пастга тушиб кетди. Сахт сумбати келишган, қоп-қора соқоли ўзига жуда ярашган амир Султон Жондор тархон кумуш камарига осилган эгри қиличини этагига шарақ-шуруқ уриб, Мироншоҳнинг кетидан шошилди. Эгниларига қизил, кўк, яшил мовут ва кимхоб тўн кийиб, қора қундуз телпак ва бўркларини бошларига бостириб олган бошқа амирлар ҳам нағал қоқилган этиклари билан мармар зиналарни тақ-тақ босиб пастга тушиб кетишди. Уларнинг биронтаси ҳам Али Қушчи билан саломлашмади, ёлғиз Шайхулислом Бурхониддин бир зум тўхтаб, тасбеҳ ушлаган ингичка, оппоқ бармоқларини кўришгани чўзди.
Шайхулислом пастга тушиб кетгач, хона чуқур сукутга чўмди, ҳатто саломхонадан ҳам чурқ этган товуш эшитилмас, давлатпаноҳдан дарак йўқ эди. Ё бошига тушган ташвиш билан бўлиб, шогирдини чақиргани ёдидан кўтарилмадимикин?.. Худди шу пайт, саломхона эшиги оҳиста очилиб, устод кўринди. Эгнида, одатда саройда кийиб юрадиган зарбоф тўн ўрнига кўкяшил мовут чакмон, бошига расадхонада ва мадрасада киядиган учлик қора духоба қалпоқ, оёғида ичига олмахон мўйнаси қопланган қўнжи кенг иссиқ этик, устод остонада тўхтаб, шогирдига аллақандай синовчан тикилди.
Унинг сал тўлиша бошлаган новча бўй-бастида, мисдай қорамтир узунчоқ юзида, қалин қошлари тагидан тикилиб қараган ўйчан нигоҳида ҳам темурийларга хос кишини ўзига ром этувчи шиддат, ҳам қандайдир пинҳоний мажруҳлик бор эди.
Али Қушчи унга яқинлашиб тавозе билан салом берди. СКАЧАТЬ
15
Ҳировул – олд қисм қўшинлар.
16
Баронғор – ўнг қанот қўшинлар.
17
Машварат – ҳарбий кенгаш.