Название: Ой ва сариқ чақа
Автор: Уильям Сомерсет Моэм
Издательство: Yangi asr avlodi
isbn: 978-9943-20-893-3
isbn:
Ошхона анча тор эди. Стол атрофида таниқли адвокат билан давлат амалдори хонимлари билан, Стрикленд хоним опасининг эри полковник Мак-Эндрю билан ва бир парламент аъзосининг хотини ўтиришарди. Парламент аъзоси ўша куни палатадан чиқиб кета олмаслиги маълум бўлгач, унинг ўрнига мени таклиф этишган экан. Анча басавлат кўринаётган бу улфатчиликда қандайдир бадҳазмлик бор эди. Аёллар ўз мавқеларидан мағрурланаётгандай, эътиборни жалб этиш учун устомонлик қилишаётгандай кўринишарди. Эркаклар эса ўзларини виқор билан тутишаётганди. Ҳамма ҳам одатдагидан баландроқ гапирар, улфатчиликни жонлантиришга интиларди, шунинг учун ҳам хона шовқин-суронга тўлган эди. Лекин ўртадаги умумий гап қовушмаётганди. Меҳмонлар газак қилиб, суюқ овқат ичаётганда ва балиқ еяётганда фақат ўнг томондаги шериги билан мулоқот қиларди, сабзавот ва ширинлик еяётганда эса чап томонидаги ҳамроҳи билан гаплашарди. Сиёсат ва гольф, болалар ва сўнгги премьера, Қироллик академиясида намойиш этилаётган расмлар, об-ҳаво, ёз мавсумида мўлжалланаётган ишлар тўғрисида сўз борарди. Гап-сўзлар бир дақиқа тинмас, шу туфайли ҳам шовқин тобора кучаярди. Стрикленд хоним хурсанд бўлса арзирди – зиёфат кўнгилдагидек ўтди. Унинг эри хонадон соҳиби ролини яхши уддалаётганди. Лекин у ҳаддан ташқари камгап эди. Пировардида, унинг икки томонида ўтирган хонимларнинг юзларида ҳорғинлик аломатларини сездим. Чамаси, хонадон соҳиби уларни зериктириб юборган. Бир-икки маротаба эрига тикилиб турган Стрикленд хонимнинг ташвишли нигоҳини пайқадим. Ширинлик еб бўлингач, Стрикленд хоним ўрнидан турди, даврадаги бошқа аёллар ҳам «гур» этиб жойларидан қўзғалишди-да, меҳмонхонага кириб кетишди. Улар чиқиб кетишгач, Стрикленд эшикни ёпиб, столнинг нариги томонига ўтиб, таниқли адвокат ва ҳукумат амалдорининг ўртасига ўтирди. У ҳаммамизга бир қадаҳдан портвейн қуйди-да, сўнг сигара билан сийлади. Адвокат шаробни ажойиб экан, деб мақтади, Стрикленд уни қаердан харид қилганини айтди. Гап шароб ва тамаки устида кетди. Кейин адвокат ўзи қатнашган суд жараёни тўғрисида сўзлади, полковник эса поло ўйини хусусида билганларини маълум қилди. Улар билан гурунглашадиган бирор гапим бўлмаганлиги туфайли жим ўтирдим, боодоблик билан уларнинг суҳбатига қулоқ тутдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ эди, бекорчиликдан Стриклендга разм сола бошладим. У мен ўйлаганимдан кўра баланд бўйли, ориқдан келган, кўримсизгина одам экан; елкаси кенг, қўллари ва оёқлари узун, костюми ўзига ёпишмайроқ турибди. У бамисоли ясаниб олган аравакашга ўхшарди. У унчалик чиройли бўлмаса-да, у қадар хунук СКАЧАТЬ