Название: Бахтнинг олис манзили
Автор: Нуриддин Исмоилов
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-343-03-0
isbn:
Ҳайратим узоққа чўзилмади. Шаҳарга кўзим бироз ўрганганидан сўнг (бир соатдан мўлроқ юргандик) пул ҳақида ўйлай бошладим. Индира опа: “Борасан-у, бир самолёт пулни олиб орқангга қайтасан”, деганди. Лекин машинада шунча вақтдан бери шаҳар айланиб юрибмизу, пулдан дарак йўқ. Умуман, пул деганларига ишончим сўниб бораяпти. Бу ишончсизлик Индирахоннинг машинасидан тушаётганимда ўриндиқ устидаги қоғозга ўроғлиқ нарсани кўрганимда бошланганди. Янаям аниқроғи, Индира опа билан Нигоранинг гапларини эшитганимда кўнглимда бир умидсизлик пайдо бўлган эди…
Икки соатча юрганимиздан сўнг машина ўзимизнинг жинкўчаларга ўхшаш тор, ўнқир-чўнқир кўчага кирди. Энди, чамамда, шаҳар ортда қолган, биз аллақандай гадойтопмас, бинолари ярим вайрона, кўчалари қинғир-қийшиқ бир жойда бораётган эдик. Икки-уч жойда со-қоллари ўсиб кетган, афт-ангори бир аҳволдаги кимсалар (назаримда, улар пиёнисталар бўлса керак) ерга қапишиб секин юраётган таксининг капотига осилиб кўришди. Ҳайдовчи деразадан бошини чиқариб ўзининг тилида алланималар деб бақирди, Дарвоқе, бу ерда мен кўрган одамларнинг бари қисиқ кўзли эди. Тўғри, шаҳар ичидан ўтиб бораётганимизда бир-иккита сариқ сочлиларга ҳам кўзим тушганди, лекин улар жуда озчилик эди.
Машина икки бор чап томонга бурилганидан сўнг, кўримсизгина бир иморат ёнида тўхтади.
Жинкўчага бурилганимиздаёқ тезлашган юрагимнинг уриши баттар авж олди. Қўрқув устун келиб, машинадан тушмаёқ тўрт тарафга аланглаб қарадим.
– Приехали, – деди Валерий кулиб, – давай, влезай.
Қулт этиб ютиндим, сўнг эшикни секин очиб, оёғимни худди тиканнинг устига қўяётгандай эҳтиёткорлик билан ерга қўйдим.
– Не бойся, давай, шевелис, – қўлимдан тортди Валерий.
Шундан сўнггина ноилож машинадан тушдим. Сўнг ҳамроҳимдан:
– Қаерга келиб қолдик? – деб сўрадим.
Шу пайтгача бирон оғиз ҳам ўзбекча гапирмаган бач-чағарнинг боласи гапимни тушунди. Буни унинг бош бармоғини юқорига қилиб:
– Всё будеть окэ! – деган гапидан билдим.
Машинадан тушиб бироз юрдик, сўнг йўлнинг чап тарафига ўтиб, кўриниши хийла тузукроқ, икки қаватли бинонинг ёнида тўхтадик. Валерий менга иржайиб қараб қўйди-да, зиналардан енгил кўтарилиб, қоп-қора темир эшикнинг тугмачасини босди ва ўзича хиргойи қила бошлади. Унинг ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Демакки, биз ҳазилакам жойга келмадик, СКАЧАТЬ