Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 22

Название: Чол ва денгиз

Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй

Издательство: Kitobxon

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-08-874-0

isbn:

СКАЧАТЬ иложи борича қаттиқ ушлаш керак. Таранг тортилган чилвир доирани ҳар сафар торайтираверади. Эҳтимол, бирор соатдан кейин у кўриниб ҳам қолар. Мен уни аввал ўз кучимга ишонтиришим керак, кейин тушовлаб оламан».

      Бироқ икки соат ўтибди ҳамки, балиқ ҳамон қайиқ атрофида имиллаб айлангани айланган эди. Чол қора терга ботган, чарчаганидан бурни ерга теккудай бўлган эди. Тўғри, балиқ айланаётган доира анчайин қисқариб қолган, бундан ташқари, чилвирнинг сувга тушиб боришидан балиқнинг борган сари юқорига кўтарилиб келаётганлиги кўриниб турарди.

      Бир соатдан бери чолнинг кўз ўнги қоронғилашиб борар, сел бўлиб оққан тер кўзини ҳам, кўзи устидаги жароҳатни ҳам, ва яна манглайидаги бошқа бир ярани ҳам ачиштиргандан ачиштирарди. Кўз ўнгининг қоронғилашиб бораётгани уни қўрқитмас эди. Чилвирни шунчалик зўриқиш билан тортаётгани олдида бу унчалик ҳайрон қоларли иш эмасди. Лекин икки сафар унга жисми гўё сочилиб кетаётгандай бўлиб туюлди, бу эса уни ҳазилакам ташвишга солмай қўймади.

      «Наҳотки, мен повилғонилик қилиб қўйсам ва Худо бехабар бир балиқ деб ўлиб кетсам? – ўз-ўзига савол берарди у. – Келиб-келиб, ҳозир – ҳамма нарса кўнгилдагидай бўлаётган маҳалда-я. Ё Раббий, ўзинг менга чидам бер! Мен юз бор, «ё падар» билан яна юз бор «Биби Марям»ни ўқиганим бўлсин. Фақат ҳозир эмас. Ҳозир ўқий олмайман».

      «Ҳозирча уларни гўё ўқигандай бўла қолай, – деб ўйлади у. – Кейинроқ ўқиб қўяман».

      Шу дам у икки қўллаб ушлаб тургани чилвирга зарб тушаётгани, ҳамда силтаниш рўй берганини сезиб қолди. Силтов жуда ҳам кескин ва бениҳоя кучли эди.

      «У қармоқ уланган симга қилич тумшуғи билан уряпти, – деб ўйлади чол. – Худди ўзи. Унинг шундай қилиши ҳам керак эди. Бироқ бу уни сакраб чиқишга мажбур қилиб қўйиши мумкин, мен бўлсам унинг ҳозир айлана тургани маъқул деб билардим. Боя унга ҳаво олиш учун юзага сакраб чиқиш керак бўлган эди, аммо энди ҳар бир янги сакраш қармоқ илиниб турган жойни кенгайтириб қўйиши, оқибат натижада балиқ қўлдан чиқиши мумкин».

      – Балиқ, сакрамагин, – илтимос қиларди у. – Ўтинаман, сакрама!

      Балиқ қайта-қайта симга зарб урар ва ҳар гал чол бош чайқаб, чилвир бўшатар эди.

      «Мен унга қуюшқондан ташқари азоб бермаслигим керак, – деб ўйларди у. – Менинг дардим – ўзимда. Уни енгиб ўтишим мумкин. Аммо балиқ оғриқдан эсини йўқотиб қўйиши ҳеч гапмас».

      Бирмунча муддатдан сўнг балиқ симга уришдан тўхтади ва яна оҳиста айлана бошлади. Чол мароми билан чилвирни ўзига тортиб йиғиштирарди. Аммо у яна ўзини лоҳас сеза бошлади. Чол денгиз сувидан ҳовучлаб олиб бошидан қуйди. Кейин яна бир оз сув олиб бошига қуйгач, энсасини уқалаб қўйди.

      – Шукрки, ҳартугул томир тортишмаяпти, – деди у. – Балиқ тезда юзага чиқади, мен бўлсам ҳали туриб бераман. Сен туриб беришинг керак, чол. Чидамим етмайди деб, ҳатто хаёлингга ҳам келтира кўрма.

      У тиззалаб ўтириб олди ва омонатгина бўлса ҳам чилвирни яна елкасига олди. «Балиқ айланиб тургунча, мен нафас ростлаб оламан, кейин СКАЧАТЬ