Название: Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Автор: Артур Конан Дойл
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-27-255-2
isbn:
Холмснинг хонасига юрагимни ҳовучлаб кириб бордим. Шу вақт ичида энг нохуш воқеа содир бўлиши мумкин эди. Аммо унинг аҳволи анча енгиллашган эди. Юзлари ҳамон мурданикидек оқ эди-ю, лекин алаҳсирашдан асар ҳам қолмаганди. Заиф, бўғиқ товушда гапиргани билан фикрлаши жуда аниқ ва тиниқ эди.
– Уотсон, сиз уни кўрдингизми?
– Ҳа, у ҳозир келади.
– Яшанг, Уотсон, жуда соз. Сиз энг яхши хабарчисиз.
– У мен билан бирга келмоқчи эди.
– Бу мутлақо мумкин эмас, Уотсон. Бунга ҳечам йўл қўйиш керак эмас. Менинг касалим сабабларини сўрадими?
– Мен унга Ист-Энд денгизчилари ҳақида гапирдим.
– Жуда соз! Ҳақиқий дўстнинг ишини қилдингиз. Энди, Уотсон, сиз саҳнадан чиқиб кетсангиз ҳам бўлади.
– Холмс, мен уни кутиб туришим ва фикрини билишим керак.
– Албатта. Агарда биз у билан холи бўлсак, унда анча очиқчасига фикрини баён этиши мумкин, деб ўйлайман. Бош тарафимда, девор билан каравот ўртасида сизга етарли жой бор, Уотсон.
– Азизим Холмс!
– Бошқа иложингиз йўқ, деб қўрқаман, Уотсон. Хонада беркинадиган жой ҳам йўқ, ҳатто шундай бўлгани маъқул, шубҳа уйғотмайди. Аммо бу ерга яширинсангиз, Уотсон, биз ҳеч нарса йўқотмаймиз.
У бирданига ўтириб олди. Озғин юзида дадиллик сезилди.
– Уотсон, ғилдираклар тарақлашини эшитяпман. Агарда мени севсангиз, тезроқ беркининг. Нима воқеа бўлишидан қатъи назар, қимир этманг. Эшитдингизми, нима воқеа бўлишидан қатъи назар! Қимир этманг, лом-мим деманг. Фақат диққат билан унинг гапларини эшитиб олинг.
Анча ўзига келган касал тўсатдан яна оғирлашиб, узуқ-юлуқ гаплар гапириб алаҳлай бошлади.
Мен паноҳгоҳимдан олдинига зинадан кўтарилаётган ва яқинлашаётган оёқлар товушини, кейин хона эшиги очилганини ва ёпилганини эшитдим. Сўнгра, мени ҳайратга солган сукунат бошланди. Фақат касалнинг оғир нафас олиши ва секин алжираши эшитиларди.
Бизнинг меҳмон касал тепасида туриб, бечора беморнинг қандай азоб чекаётганини томоша қилаётганини тасаввур қилдим. Ниҳоят, бу ғалати сукунат бузилди.
– Холмс! – деди ухлаётган одамни уйғотаётгандек кескин овозда Смит. – Холмс! Мени эшитяпсизми?
У касалнинг елкасидан қўполлик билан силтаётганини сездим.
– Ҳа-а, жаноб Смит, сизми бу? – пичирлади Холмс. – Ростини айтганда, сизнинг келишингизга унча ишонмагандим.
Смит хохолаб кулди.
– Бўлмасам-чи, – деди у. – Аммо кўриб турибсизки, мен шу ерда. Ёмонликка яхшилик қиляпман, Холмс, ёвузликка яхшилик қайтаряпман.
– Бу жуда яхши, бу сизнинг олижаноблигингиз. Мен сизнинг билимдонлигингизни жуда юқори баҳолайман.
Меҳмон илжайиб қўйди.
– Бахтимга бутун Лондон бўйича бу дардни фақат сиз яхши тушунасиз. Сизга нима бўлганини биласизми?
– Худди ўшанинг ўзи, – деди Холмс.
– Шундай СКАЧАТЬ