Буни ўйлаши билан отаси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан кейин Ҳиротга борганида рўй берган бир воқеа эсига тушиб, вужудвужудигача жимирлаб кетди.
Жума куни эди. Мирзо Улуғбек Ҳиротга кириши муносабати билан барча дин пешволари, аркони ҳарб ва аркони давлатлар масжиди жомега йиғилган эди. Мирзо Улуғбек Ҳиротнинг аён ва боёнлари қуршовида Мадрасаи Шоҳруҳиядан чиқиб, қиблагоҳи қурдирган қаландарлар хонақосидан ўтаётганида соч-соқоли ўсиб кетган, мажнунсифат бир дарвеш пайдо бўлди-ю, худди зикр тушаётгандай ғалати ҳаракатлар қилиб, бежо кўзларини ўйнатиб, унинг йўлини тўсди.
Олдинда бораётган суворийлар дарвешнинг устига от солдириб, уни йўлдан ҳайдашга уринишди. Лекин Мирзо Улуғбек имо билан уларни четлатиб, дарвешнинг арзини эшитишга мойиллик билдирди. Шунда телба дарвеш жулдур жандасига осилган қўнғироқчаларини жаранглатиб, ғалати қийшанглаганича Мирзо Улуғбекнинг олдига келди. У оғзи кўпириб, “Ё Оллоҳ дўст, ё олло, ҳақ дўст ё олло!” деб зикр тушар ва зикр орасида алланималарни гапирар эди. Дарвеш ғудурлаб гапиргани учунми, Мирзо Улуғбек унинг сўзларига аранг тушунди.
Телба девона унинг саркардалари Ҳирот теварагидаги қишлоқларнигина эмас, ҳатто йўқсиллар ва гадолар хонақоҳларини ҳам талон-торож қилганидан сўзлар, бу иш учун бутун темурийлар авлоди Оллоҳнинг қаҳрига дучор бўлишини башорат қиларди… Мирзо Улуғбек ўзини эшитиб-эшитмаганликка олиб, жадаллаб ўтиб кетди. Лекин ўшандан бери телба дарвешнинг мудҳиш башорати эсидан чиқмайди. Мана ҳозир ҳам ўша манзара ёдига тушиб, этлари жимирлаб кетди…
Ҳа! Бу машъум Хуросон юриши унинг бошига кўп савдолар солди. Бошда уни бу юришга даъват этган амирлар эса зафариятсиз урушдан кейин ундан юз ўгириб, зимдан чоҳ қазиш пайига тушдилар. Лекин на чора? Отаси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг – покиза руҳи равзаи ризвонда масрур бўлғай! – волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегимнинг кирдикорлари туфайли Ҳирот саройида низо-нифоқ авж олиб, беқиёс салтанат хавф остида қолди!
Мирзо Улуғбек кўзини юмиб бошини секин чайқади. У волидаи меҳрибонига нисбатан кўнглида илиқ бир туйғу уйғотишга ҳаракат қилди. Лекин кўз олдига узун бўйли, кўк ипакдан кенг кўйлак кийиб, бошига кўк рўмол ўраган, қўлидан тасбеҳи тушмайдиган калондимоғ бир хотин келди. У қош-кўзлари қопқора, қийғир бурун, хушсурат хотин бўлса ҳам, фариштаси йўқ, чеҳраси совуқ аёл эди. Бобоси Амир Темур Кўрагоний шаҳодат шаробини ичгандан бери Гавҳаршод бегим бу кийимни, кўк ипак кўйлаги билан кўк рўмолини ташламас, гўё Соҳибқирон учун то ўлгунча мотам тутган, шу билан бу дунё ишларидан қўл ювиб, у дунё ғамига ўтган эди. Ҳайҳот! Амир Темур Оллоҳ раҳматига йўл тутиб, Хуросон СКАЧАТЬ