– Бунақанги ишёқмасларни Худо урмаганига ҳайронман! – деди онаси бир куни куюниб.
– Колхозга-ку беш тийинлик нафи йўқ. Ақалли ўзининг томорқасини эпласа-чи! Йў-ў-ўқ!
Буларга тайёри керак! Биров нақдлаб қўйса-да, булар молдек бўкиб, еб ётаверса!
Онаси колхоз фермасида ишлар, ниҳоятда ўқимишли хотин эди. Узоқ қиш кечалари ажойиб шеърлар ўқирди. Пушкиндан, Лермонтовдан… Блокдан… Гришанинг эсидан чиқмайди.
Ташқарида бўрон увиллар, пастак деразани қор учқунлари аёвсиз савалар, онаси эса шеър ўқир эди. Гриша акаси билан печ устида ётишарди.
– Дима, Гриша! – деди онаси бир маҳал қўлидаги китобни ёпиб. – Иккаланг ҳам катта бўлиб қолдинг. Кўриб турибсанлар: ҳамма қишлоқдан қочяпти. Одамларнинг ердан меҳри совиди. Ҳеч кимнинг ишлагиси келмайди… Сенлар ишлашинг керак. Ишламасанг – очингдан ўласан! Шаҳарга борасанми, ундан наригами, ҳеч ерда текин нон йўқ. Қулоқларингга илиб олларинг. Одам бўламан десанг, ичкиликка яқин йўлама!
Дима-ку, йўлини топиб кетди. Шаҳарга бориб, ўқишга кирди. (Аълочи эди ўзиям.) Гриша колхозда бричка ҳайдай бошлади. Пичан ташийди. Чўчқахона гўнгини тозалайди. «Кормовой» лавлаги олиб келади… Бора-бора ўзи ҳам қишлоқ марказидаги дўкон олдида навбат кутадиган, мужиклар билан домино ўйнайдиган одат чиқарди.
…Бир куни яна гандираклаб келган эди, онаси саржин ўтин билан ҳолдан тойгунча савалади.
Эртасига эрталаб ўзи йиғлай-йиғлай Гришанинг дабдала бўлиб кетган юзини силаб илтижо қилди:
– Бу юришингда хароб бўласан! Ҳозироқ шаҳарга жўна! Димага учраш. Ялингинёлборгин… Агар… – деди кўзларида ғазабли учқун сачраб. – Қайтиб келсанг, уриб, оёғингни синдираман!
Начора! Жўнади поездга ўтириб. Акаси ўқишни битириб, горком комсомолда ишлар эди. Ёрдам берди. Ёрдами шу бўлдики, заводга ишга жойлаб қўйди. Завод ётоқхонасидан ҳужра ҳам топиб беришди.
Лариса билан шу баҳона танишдилар. Лариса кранчи бўлиб ишларкан. Уч ой ўқиб ўзи ҳам автопогрузчик ҳайдашни ўрганди. Гриша Ларисани бир кўришдаёқ севиб қолган, эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, Ларисани кўрса, нуқул кўзини олиб қочар, тилига бирон жўяли гап келмас эди. Лариса ҳаммасини сезиб юрган экан. Саккизинчи март куни ўтириш бўлди.
Завод клубида танца ташкил этилди. Уни Ларисанинг ўзи рақсга таклиф қилди.
– Тентак! – деди танца тушишаётганда. – Мен сендан тўққиз ёш каттаман. Қизим бор.
Нима қиласан, ўзингни қийнаб!
Гриша яхшигина ичиб олгани учунми, кўнгли бузилиб кетдими, тўсатдан йиғлаб юборди.
– Сендан бошқаси керакмас! Ўзимни ўлдираман, – деди ҳиқиллаб.
Ўзини ўлдиришга ҳожат қолмади. Тўйни Ларисаларнинг Уйида ўтказишди. Саккиз киши йиғилди. Ларисанинг онаси – Нина Ивановна, тўртта дугонаси, куёв томондан – Дима… Тўй рисоладагидек ўтди. Меҳмонлар тўйиб ичди. Аввал арақ. Кейин самогон… Тузланган карам, мариновка қилинган СКАЧАТЬ