Нари-бериси билан бир кеча-кундузда харилардан қурилган хаталарнинг ярми белигача қор остида қолади. Яхшиям, қор бошланишидан олдин теварагига зичлаб похол босилгани. Бўлмаса ичигача муз уриб кетади. Албатта, совуқ заптига олган кезлари баъзи ноқулайликлар ҳам пайдо бўлади. Шундоқ ётоқхонанинг ўзига олиб кирилган мегажин «ҳурқ-ҳурқ» қилиб, кечаси билан уйқу бермайди. Печ устида ётсанг, ачимсиқ ҳид димоғингни ёради. Зиёни йўқ: ўрганиб кетади одам. Ўрмонда бир соат чанғи учсанг, муздек, мусаффо ҳаво ўпкангдаги бор ғуборни суғуриб олади.
Акаси чанғи учишга уста эди. Ҳар сафар Дима ўрмонга отланса, Гриша ҳам албатта кетидан эргашарди. Чанғи остида қор ғирчиллайди. Ҳаво очиқ кунлари қуёш кўзни қамаштириб чарақлайди. Ер оппоқ, совуқ. Осмон зангори, ундан ҳам совуқ. Гўё шишадан ясалгану чанғи таёғи бехосдан тегиб кетса, синиб қоладигандек… Бошига оқ телпак кийган қарағайлар устидан дув этиб қор тўкилдими, билингки, жонсарак олмахон шохдан шохга сакради. Ҳали Рождествога анча бор. Бироқ хаталардан гармоннинг шодон товуши, мастона қийқириқлар эшитилади.
Колхоз-ку, бўларича бўлган. Номига хўжалик. Хуторнинг ярми ҳувиллаб қолган. Ёшлар «бахт излаб» ўзини шаҳарга урган. Эркаклар йўқ ҳисоби. Борлариям кўзини ишқалаб уйғонадию қишлоқ марказидаги дўконга йўл олади. Ҳаммаси келишиб олгандек, саҳармардондан дўкон олдига тўпланишади. Қишин-ёзин шу! Соқоллар ўсган, асабий… Тушдан кейин келадиган «борматуха»га очирид кутишади. Нарироқдаги харракнинг қорини сидириб ташлайдилар-да, тизилиб ўтириб, домино ўйнашга тушадилар. Ютқазганни «така» қилиб харрак тагидан ўтказадилар. («Вақтни ўлдириш» керакми ахир?) На раис инсофга келтиради, на милиция йўлга солади. (Аслида ҳаммаси – улфат, ҳаммаси – ҳамшиша!) Тушдан кейин маст-аласт қўшиқлар яна авжига чиқади. Орачора муштлашувлар ҳам бўлиб туради. Лекин бугун муштлашганлар эртага эрталаб апоқ-чапоқ бўлиб кетаверади. Бағри кенг одамлар-да! Гришанинг онаси тадбирли аёл эди. Бошқаларнинг карами муштдек бўлгунча, буларники чойнакдек бўлиб «қайнаб кетади». «Бабье лето» бошланмасидан туриб, уларнинг хатаси СКАЧАТЬ