– Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Қуритилган шўрбалиқдай қотма, чўтирлиги учун. Лекин жаҳлдор эмас, ҳамиша куйдирилган калладай тиржайиб аскиябозлик қилиб юрадиган одам-ку… – мен Куйдиргидан қўшимча саволларни кутмаёқ, уни тинчлантириб қўя қолдим.
Уй бекаси менинг Саттор шўрбалиқ ҳақидаги тавсифимга анча эътибор берганини унинг юз-кўзларидан уқиб турардим. Бироқ буни сездирмасликка ҳаракат қилади.
– Ўзи хунук бўлсаям пули кўп эди, – у энди анча очилиб қолди. – Мана шу уйниям менга подарка қилган.
– Бундан чиқди, анча қалин экансизлар-да?
– Ҳа энди, официанткадан хотин, шопирдан эр чиқмайди, деган гап бор. Аёлларга суяги йўқ эди. Биз ҳам роса хизмат қилганмиз. Оғзи-қулоғидан чиқарганмиз. – Шундан кейин у қиқирлаб кулиб қўйди: – Шопирлар ҳам, мана, ҳар хил бўларкан…
Ўзим ҳам беихтиёр жилмайиб қўйдим.
– Биз ҳам устоздан қолишмаймиз,–дедим ўзимни жўрттага хижолат чекканга солиб.– Мени фақат бир нарса ўйлантириб турипти.
– Ие, қани гапиринг, Баҳодир ака.
– Мен бугун… бор пулимга запчаст олиб, Ўшга жўнатворувдим. Бунақа базм устидан чиқиб қолишни ўйламагандим…
Куйдирги бир нафас жимиб қолди. Хаёлидан нималарнидир ўтказгандек бўлди. Кейин тилло тишларини ялтиратиб, майин жилмайиб қўйди: – Бу ерда насияга товар берилмайди, албатта. Лекин сизга майли. Ўшдан янги танишлар қидираётувдик…
– Буёғига гап йўқ, Феруза. Қачон борсаларинг, мошин минан елиб-югуриб хизмат қиламиз.
– Келишдик,–Куйдирги ўрнидан туриб, мамнунлик билан менга қўл ташлайди.–Бизгаям, сизгаям яхши бўладиган ишларни бошлаб юборамиз.
У яна коньяк қуйди. Завқланиб кетди:
Арақти ҳаром дийлар
Муҳаммад умматина,
Ҳаром бўлса-да ичабиз
Сиз меҳмон ҳурматина!
Унинг кўнгли учун, яна энг муҳими, ишларим силлиқ кўчаётгани учун, ўзим истамаган ҳолда навбатдаги қадаҳдан ҳам бир қултум ҳўплашга мажбур бўлдим.
– Қани, энди Тахминани қўйнига марш!
У менинг ихтиёрсиз ҳолда бироз иккиланиб қолганимни кўриб, яна қўшиб қўйди:
– Хотиржам бўлинг, сертификати мани қўлимда…
III
Ичкарида яшил рангли электр чироқ сокин ва сеҳрли шуъла таратиб турипти. Икки кишилик хонтахлит каравотда Тахмина иккала қўлини боши остига олиб, шифтга термулганча ётарди. Сийнабандсиз… – Ётдингми, Тахмина?..
У бир дам индамайди. Кейин менинг эшик олдида туриб қолганимни кўриб, илтижоли оҳангда оҳиста сўз қотади:
– Қон қилиб юбордингиз-ку… Келиб ётаверинг-да. Лекин айтиб қўяй, бир шартим бор.
Каравот бошида турган креслога бориб чўкарканман, Тахмина мен томон кескин бурилиб, ажабланган қиёфада сўрайди:
– Нима бало, сиз менга эртак СКАЧАТЬ