Келдиёров икки яшар қизчаси билан қолаверди. Тақдирга тан бериб Нилуфарни қидирмадиям, суриштирмадиям. Тез орада ўзи билан мактабда бирга ишлайдиган, у билан бир-икки бор дон олишиб ҳам улгурган Аниса исмли жувонга уйланиб олди.
Бу хотиндан у иккита қиз кўрди. Аниса ўтли-шудли, хушфеъл ва меҳрибон аёл бўлиб чиққанлигидан Келдиёров Нилуфарнинг ортидан унчалик кўп аза тутмади. Янги рўзғор ва болалари ташвишига тез ўралашиб кетди.
Олдинги эридан бола кўрмай ажралишган Аниса дастлабки кунларданоқ Хуршидани ўз фарзандидек иссиқ бағрига олди. Шундан кейин ҳам уни ўз болалари қатори оқ ювиб-оқ тараб ўстирди.
Бу орада Келдиёровнинг Асака тарафда яшовчи бир бечораҳол узоқ қариндоши вафот этиб, унинг болаларидан бирини – Хуршидадан икки-уч ёш каттароқ Собирни ҳам ўз тарбияларига олишга тўғри келди. Келдиёровлар оиласидаги рўзғор тутуми, таълим-тарбия, кийиниш, ҳатто гаплашиш ҳам русча эди. Болалар ҳам шунга кўра рус мактабига қатнай бошладилар…
Хуршида Анисадан туғилган икки синглисидан фарқли равишда, табиатан тантиқроқ, инжиқ ва ўзбошимча, ўз яқинларига меҳрсизроқ, ҳарорат ва оқибатни, яхшиликни кўпроқ бошқалардан қидирадиган, бироқ қадди-қомати келишган, ҳусну жамоли онасиникига ўхшаб ловуллаб турган бир қиз бўлиб вояга етди.
У дадасининг ҳам, Анисанинг ҳам ҳар қанча уринишлари ва куйинишларига қарамай, мактабда дуруст ўқиёлмади, Хуршида кўпроқ ранго-ранг, чиройли кийиниб бошқалардан ажралиб туришни, янгиянги дугоналар орттириб, улар орасида ял-ял ёниб ўтиришни, одамлар унинг ҳусну жамолига, гапларига маҳлиё бўлиб юришларини ёқтирарди. Оилада мабодо унинг истаклари оз-моз монеликка дуч келиб қолса борми, ҳафталаб мотамсаро бўлиб қоларди. Бутун иддаосини эндиликда «горком»да ишлаётган, топиш-тутиши анча яхши, шу билан бирга онасининг қисмати учун бир умр Хуршиданинг олдида тили қисиқ бўлган дадасига қиларди. Келдиёров эса, ўз ўрнида, кўпроқ унга ён босишга, айтганларини муҳайё этишга мажбур бўлар, бунинг учун баъзан Анисадан ва бошқа қизлардан узр сўраб: «Сизлар унга эътибор берманглар, ўз онасидан тирик етим ўсганлиги учун шунақа, ҳадемай куёвга чиқариб юборсак, қулоғимиз тинчиб қолади», деб қўярди.
Оиладаги ўғил – Собирнинг эса шаҳар шароитидаги, устигаустак, русча тутум, русча мактабга кўникиши анча қийин кечди. Бир амаллаб саккизни тамомлаб олди-ю, бир-икки танишларнинг маслаҳати билан ўзини қандолатпазлик ҳунарига урди.
У барваста гавдали, чеҳраси очиқ, хушфеъл ва соддадил, меҳнаткаш йигит бўлиб етишди. Қўқонга келиб қолганидан кейин орадан икки йилча ўтиб, касалманд онасиям вафот этганди. Собир энди бу ерда Келдиёров ва Анисани ўз ота-онасидек, уларнинг қизларини эса ўз туғишган сингилларидек билиб ўсиб-улғайди. Лекин барибир, у ўзини ҳеч қачон бу қизлар билан тенг ҳуқуқли ва бир хил имтиёзга эгаман, деб ҳисобламади. СКАЧАТЬ