Турфа ўйлар билан ухлаб қолди.
Биров туртгандай чўчиб уйғонди. Эри ҳали ҳам ётмапти. Соатга қаради: икки! “Нега шунча ўтирмасалар… Нима бўлаяпти экан телевизорда?”
Шу хаёл билан эрининг олдига кирди. Телевизор ёниқ, қандайдир хорижий кино бўляпти. Столда бир шиша очилган ароқ, пиёла турибди. “Оббо, яна ичиптилар-да… Шунча айтдим-а, ичманг, деб… Шу ароқ орқасидан ногирон бўлиб ўтириптилар-ку…” Мэлс Тельмановичнинг боши бир томонга қийшайган, икки қўли креслонинг икки тарафида осилиб ётарди. “Ухлаб қоптилар-ку”. Уйғотмоқчи бўлди. Секин ёнига бориб елкасига қўлини қўйди, қўйди-ю, бутун вужуди сесканиб кетди. Беихтиёр ўкириб юборди:
– Мэлс ака-а-а!..
Мэлс Тельмановичнинг танаси аллақачон совиб бўлган эди…
ЧЎЛИ ИРОҚ
Муҳаббат эрини уйғотмоқчи бўлиб уйга кирди-ю, мириқиб ухлаётганини кўриб фикридан қайтди. Ширин уйқусини бузгиси келмади. Астагина стулга ўтирди. Бахтиёр худди ёш боладек пиш-пиш қилиб беозор ухларди. Унинг ораси очиқ қалин қошлари пирпираб қўяди. Муҳаббат эрининг қошларига термилиб, ўйлади: “Мунча ораси очиқ. Эскиларнинг гапида ҳикмат кўп. Қошларининг ораси очиқ йигитлар узоқдан уйланади, уларнинг кўнгли ҳам очиқ бўлади, деганлари рост экан. Бўлмаса, бу киши қаёқда эди-ю, мен қаёқда эдим. Етти ухлаб тушимга кирмаган… У-чи? У ўйлабдими менга уйланишни?”
Уларнинг тўйи ўтганига эндигина бир ой бўлди. Тўйдан олдин бир-бирига жуда яқин, сирдош эдилар, ҳатто тортинмас, унча-мунча гапларни бемалол айтишарди. Никоҳ кунидан бошлаб иккаласининг ҳам кўнглида ғалати бир кайфият туғилди. Бир-бирига кўринмас иплар билан чамбарчас боғланганини ҳис қилганлари сари уялиш, тортиниш туйғулари жўш урарди. Ёлғиз қолган кезлари куёвнинг ҳам, келиннинг ҳам тилига сўз келмас, гўё бир-бировини энди кўраётгандай жим ўтиришади. Онда-сонда айтиладиган гаплари ўзларига ҳам эриш туюлади. Қизиқ, нега шундай экан? Тўйдан олдин иккови икки ёқда қачон бирга бўлишни, мириқиб суҳбатлашишни, бир-бирининг дийдорига қонишни орзу қиларди. Висол онларида бири қўйиб, иккинчиси гапга тушарди. “Севасизми?” “Севаман”. “Сиз-чи?” “Мен ҳам”. Шу каби бир хил сўзлар қайта-қайта такрорланар, аммо на йигитнинг, на қизнинг ғашига тегмас, аксинча, яна эшитгиси, яна сўрагиси, яна эшитгиси келарди.
Энди-чи? Қизиқ, нега энди бунақа? Йўқ, улар бир-бирига тўйиб қолгани йўқ! Ошиқ-маъшуқлик йўриғи бўлак экан. Унда бирга бўлишларига қанчалик ишонсалар-да, барибир ҳали амалга ошмаган ширин орзу эди бу. “Ютганим ўзимники, чайнаганим гумон”, деган гап бор. Никоҳ бу гапни уларнинг кўнгилларидан чиқариб ташлади. Йўқ, ўзаро қандайдир “ётсираб” қолиши бунданмас. Улар ҳамон бир-бирига ташна, ҳамон интиқ. Фақат эндигиси бўлакча… Никоҳ ҳар кимнинг ҳам ҳаётини бошқа изга соларкан. Негадир одам ўзини салобатли, вазмин сезиб қоларкан. Олдинги шўхликлар, ҳазил-ҳузуллар СКАЧАТЬ