– Майли, опажон, кўнглингиз хотиржам бўлсин, сизга гап текиздирмайман. Ўзим кейинроқ қўнғироқ қиламан бирон баҳона билан.
– Раҳмат сизга, Гулбаҳор, умрингиздан барака топинг. Хавотир олманг. Хайр.
Гулбаҳор гўшакни қўйди-ю, ўйланиб қолди. “Ойим бечора тиним билмайди. Бу ёқда ишхонанинг ғалваси, у ёқда дадамнинг инжиқликлари… Отпускага чиқинг деса, чиқмайдилар… Чарчайди-да… Нима қилиш керак… Майли, кечқурун уйга бориб батафсил гаплашиб олармиз…” Ишини давом эттирган бўлди, аммо хаёлидан ойиси, Шарифа Боқиевнанинг гаплари кетмади. “Юраклари безовта қилган дедими?.. Аҳвол жиддийроқ бўлмаганда Шарифа опа қўнғироқ қилмасди…” Ўзини босолмади, хаёлини чалғитишга қанча уринди, эплолмади. Атайлаб ойисининг қўл телефонига эмас, иш телефонига қўнғироқ қилди. Котиба кўтарди гўшакни.
– Ассалому алайкум, Ситорахон, яхшимисиз, мен Гулбаҳорман.
– Ассалому алайкум, Гулбаҳор опа, саломатмисиз?
– Раҳмат… Ўзларидамилар?
– Ҳа, улайми?
– Ҳеч ким йўқми олдиларида?
– Йўқ… Ёлғиз ўзлари, компьютерда ишлаб ўтириптилар.
– Соғлиқлари яхшими? – ўсмоқчилаб сўради Гулбаҳор.
Котиба бирзум жим қолди. Сўнг ўзини тутиб олиб, деди:
– Ҳа-а, яхши… Кайфиятлари ҳам яхши…
Шу маҳал эшик қарс очилиб Муслима Шариповна чиқди.
– Мана, ўзлари чиқиб қолдилар…
– Ким? – деди Муслима Шариповна.
– Гулбаҳор опа сўраб турувдилар, – котиба шундай деб гўшакни узатди.
– Ҳа, Гулбаҳор, тинчликми, яхшимисан? – деди Муслима Шариповна бамайлихотир овозда. – Бу ёққа қўнғироқ қипсан?
– Мабодо олдингизда одам бўлса безовта қилмай дегандим-да.
– Нима гап, тинчликми?
– Ҳа, тинчлик, – деди Гулбаҳор ҳам ҳеч нарса билмаган каби. – Бугун ишдан нечида қайтасиз, олдингизга ўтмоқчи эдим, сизни, дадамни кўраман, бир оғиз маслаҳатли гапим ҳам бор эди.
– Вақтинга қараб ўтавер. Бўпти, мен обходга чиқиб кетаётган эдим. Хайр, кечгача, – деди-да, гўшакни котибага узатди. – Мен обходда бўламан. Терапия билан неврологияга айтиб қўй, кейин хирургияга ҳам ўтаман.
Шарифа Боқиевна Ситорага опадан хабар олиб туринг, бирон гап бўлса дарҳол менга қўнғироқ қилинг, деб тайинлаган эди. Муслима Шариповна қабулхонадан чиқиши билан Шарифа Боқиевнага қўнғироқ қилди.
– Опа обходга чиқиб кетдилар.
Котибанинг гапи оғзида қолди.
– Нима деяпсиз? – деди Шарифа Боқиевна. – Қанақа обход?! Бу аҳволда юриш мумкин эмас-ку.
– Билмадим, – деди Ситора бўшашиб.
Мудира телефон тугмасини босди-ю, ўзини ўзи койиди. “Нега опага бор гапни очиқ айтмадим… Кардиограммаси яхши эмас эди-ку… Айтсам, баттар бўларди… Опа, ҳамма нарсани ичига ютаверади. Бу яхши эмас. Мана, оқибати… Нима қилсам экан? Қандай қилиб бўлсаям тўхтатишим керак”.
СКАЧАТЬ