9
Қизиб кетган, кўзни қамаштирувчи ярқироқ қумдан сўнг хона ним қоронғи, салқин ва намхуш кўринди. Бадбўй уй ҳавосидан моғор иси келарди. Бирдан, назарида уни қора хаёл элитаётгандек бўлди.
Хотин кўринмасди. Бир лаҳза эркак серрайиб қолди. Топишмачоқ ўйнаш етар! Аммо, умуман олганда топишмачоқ деган нарсанинг ўзи йўқ. Чунки хотин шу ерда. У сувлик бак олдида унга орқа ўгирганича бошини қуйи солиб, индамай турарди.
Хотин кийиниб олган эди. Оч яшил нақшли кимоноси билан чолворидан ялпизли бальзамнинг сарин атри таралаётгандек эди. На чора? У яна хотин ҳақида ўйлай бошлади. Мутлақо ақл бовар қилмайдиган вазиятда, қолаверса, уйқудан қолгани учун ҳар хил хаёлларга бормай иложн йўқ эди.
Хотин бир қўли билан бакнинг четига суянганча, бакнинг ичига тикилиб бармоғи билан аста-секин сув сатҳини чизмоқда. Эркак қум ва тердан вазминлашиб қолган кўйлагини шахт билан силкитганича, қўлига зичлаб ўраб олди.
Хотин орқасига ўгирилиб, сергакланди. Унинг чеҳрасида шундай бирсамимий, сассиз савол, илтижо акс этардики, гўё бир умр худди шундай қиёфада яшагандек. Эркак ўзини мумкин қадар осойишта тутмоқчи бўлиб кўрди.
– Иссиқ-а?… Бунақа иссиқда одамнинг кўйлак кийгиси ҳам келмайди.
Хотин эса унга ҳамон ишонқирамай ер остидан савол назари билан қараб турарди. Ниҳоят, ясама ҳиринглаганча журъатсизгина энтикиб-энтикиб шундай деди:
– Ҳа… рост… кийимда терласанг баданингни қум тепки қоплаб кетади.
– Қум тепки?
– Ҳа.... Одамнинг териси қизариб худди куйганга ўхшаб шилиниб тушади.
– Ҳм, шилиниб тушадими?.. Мен, намиққандан бичилиб кетса керак, дейман.
– Эҳтимол, шундайдир… – Хотин бир оз дадиллашиб, тилга кира бошлади. – Бизлар терлай бошлашимиз биланоқ, устимиздаги бор нарсани ечиб ташлашга ҳаракат қиламиз… Туриш-турмушимизни кўриб турибсиз-ку, биров кўриб қолишидан ҳам истиҳола қилмаймиз.
– Ҳа, албатта… Ростини айтсам, агар малол келмаса, шу кўйлагимни ювиб берсанг, деб илтимос қилмоқчи эдим.
– Дуруст, эртага сув олиб келишади.
– Эртага?.. Эртага, мавриди ўтиб кетади… – Эркак димоқ қоқиб қўйди. У устомонлик билан суҳбатни керакли мавзуга буриб юборишга муваффақ бўлди. – Дарвоқе, мени қачон тортиб олишади?.. Жуда ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Менга ўхшаган хизматчи учун жорий тартибни ҳатто ярим кунгагина бузиш ҳам ғоятда жиддий оқибатларга олиб бориши мумкин. СКАЧАТЬ