Сенинг наздингда ул эрмак, ҳавасдир.
645 Не бордир сенда дўстинг наздида нақд,
Ки етсин унга дўст наздида равнақ?
Сўра андин, ажиб дарёга эврил,
Ажиб дарёйи нопайдога эврил.
Дилингни ишқ-ла айла соҳиб асрор,
Туби, қаърида гавҳар, мавжи анвор.
Ўшал денгизда маънолар очарсен,
Йўлингда дурру гавҳарлар сочарсен.
Мунаввар денгизинг йўлга нисор эт,
Йўлингга қўнмасин гард, беғубор эт.
650 Нисор этсанг анга жонингни, ул дам
Нисор бўлгуси сенга икки олам…
Бир чол вазир Низомулмулкнинг бошидан
тилло сочгани
Низомулмулк қошига келди бир пир,
Тутиб халта, деди: тиллога тўлдир…
Деди вазир анга: бу халта тўлмас,
Мисоли бўридир ул, берса, тўймас…
Буюрди сўнгра ул: зар келтиринглар,
Шу чолнинг халтасини тўлдиринглар.
Ҳамон сандиқчани шай этдилар, ўнг,
Очиб, бир неча олтин олдилар сўнг.
655 Ва лекин халтага ул бўлмади юқ,
Сезилмас эрди олтин бормидир, йўқ.
Ҳовучлаб солдилар ўн бора тилло,
Ютарди халта, лек тўлмасди асло.
Ниҳоят халта ул тиллога тўлди,
Қиёслаб боқди сўфий, рози бўлди.
Боқиб олтинга бир ҳолатга тушди,
Яқин келди вазирга, кўнгли жўшди.
Кўтарди халтасин ногоҳ яшинвор,
Вазирнинг бошидин тўкди баякбор.
660 Чекармен, деди, андоқ рўзгор мен,
Бошингга борим этмакка нисор мен.
Сенга бермоққа нарсам йўқ, не мушкул,
Берармен сенга сендин олганим ул.
Сени деб зарга мен қўлни очармен,
Олармен сендану сенга сочармен…
Азизим, бўйла бир нақд сенда ҳам йўқ,
Нисор эт ўзни шоҳга, кутма ортиқ.
Сўра Ҳақдин азиз жонингга маъни,
Олиб, сўнг ўзига сочгайсен они.
665 Не давлатдирки бул йўқсил, гадога,
Азиз жонини тикса подшога.
Манам ишқ ичра саргардон эрурмен,
Ҳушимдин айрилиб, ҳайрон эрурмен.
Ярим уйқу, ярим уйғоқда ҳолим,
Тилармен жонга шу ҳолда камолим.
Тополмас эрсам унда ҳосилимни,
Танимдин ажратиб отгил дилимни.
Агар ул йўқса, менга завқи жон йўқ,
Не эрмиш завқи жон, балки жаҳон йўқ.
670 Кишиким ишқи йўқ, ул одам эрмас,
Ки унга бўйла бир дам ҳамдам эрмас.
Агар аслида ул дам бўлмас эрди,
Шу одам бирла олам бўлмас эрди.
Ўшал дам бўйлаким ишқ берди жонга,
Тириклик нашъаси етди жаҳонга…
Бале, Аттор, чу асрор очганинг дам
Сенга СКАЧАТЬ