Название: АСАРЛАР (II жилд)
Автор: Сирожиддин Саййид
Издательство: SHARQ
isbn: 978-9943-26-873-9
isbn:
Билсанг, ҳеч бир ота ўз фарзандига,
Ўзидан сўнг қолар жигарбандига
Мерос беролмагай чиройли ва хос
Хулқу одобдин ҳам улуғроқ мерос.
* * *
Садақанинг афзали чанқоқ одамларга сув улашмоқликдир.
САДАҚА
Дунёнинг ишлари, ўйласанг агар,
Дилни чулғаб ташлар кўҳна мотамга.
Умринг ўтиб кетмиш сувдай, бир коса
Сув тута олдингми чанқоқ одамга?
* * *
Ёмон улфатдан яккалик яхши, яккаликдан яхши улфат яхши, жим ўтиргандан фойдали гап яхши, бефойда гапдан сукут сақлаган яхши.
НИМА ЯХШИ?
Яккалик яхшидир ёмон улфатдан,
Яккаликдан кўра бир яхши ҳамдам.
Фойдали гап яхши жимликдан кўра,
Сукут яхшироқдир бефойда гапдан.
* * *
Одам танасида қориндан ёмонроқ идиш йўқдир. Инсон бир неча ошам овқат билан кифояланади. Агар зарур бўлса, қориннинг учдан бирини овқатга, яна учдан бирини сувга, қолган учдан бирини нафас олишга ажратсин.
ОДАМ ТАНАСИДАГИ ИДИШ
Ўрин қолдирмагай асло нолишга,
Айниқса, ажратса қараб хоҳишга:
Учдан бирин овқат, учдан бирин сув,
Қолган учдан бирин нафас олишга.
* * *
Худодан афв ва офият сўранглар. Чунки ҳеч бирларингиз имондан кейин офиятдек буюк неъматни топа олмайсизлар.
ОФИЯТ
Кўнгил ҳовлисидан, ақл томидан
Шубҳа-гумонларнинг қорини куранг.
Меҳроб нуқтасига жамланг фикрни,
Худодан афв ва офият сўранг.
Чунки ҳеч бирингиз, қанча уринманг,
Қанчалик сарф этманг молу давлатни,
Топа олмагайсиз имондан кейин
Офият сингари буюк неъматни.
* * *
Қайси бир мўминга Худо солиҳа хотин насиб қилган бўлса, демак унинг диёнатининг ярмига ёрдам қилибди. Қолган иккинчи ярми учун унинг ўзи ҳаракат қилсин!
ЯРИМ ДАВЛАТ
Ҳаёли, кўнгилчан бир солиҳани
Худойим умрингга ҳамдам қилибди.
Демакким, имону диёнатингнинг
Ярмига у ўзи ёрдам қилибди.
Сенга муруввату эҳсони шулдир,
Шулдир уйингдаги рахшон юлдузинг.
Қолган ярми учун ўзинг жон чеккил,
Ўзинг азоб тортгил, интилгил ўзинг.
* * *
Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омон сақлайди.
ШУКРОНА
Неъматга шукр қил. Пойингда ер бор,
Шукр қил, тепангда турибдир осмон.
Билсанг, ҳар неъматга шукронанг сенинг
Унинг заволидан сақлагай омон.
* * *
Икки неъмат мавжуд бўлиб, кўпчилик одамлар уни қўлдан бой бериб қўядилар. Бу – тансиҳатлик билан бўш вақтдир.
ИККИ НЕЪМАТ
Бу ёруғ дунёда қанча меҳнат бор,
Лекин инсонларга икки неъмат бор.
Кўрингким, СКАЧАТЬ