Название: АСАРЛАР (II жилд)
Автор: Сирожиддин Саййид
Издательство: SHARQ
isbn: 978-9943-26-873-9
isbn:
ДАШНОБОД АНОРИГА
Сеҳрсиз соҳиллардан,
Меҳрсиз манзиллардан
Ўтиб келдим, сен мени
Унутдингми, анорим?
Бағри доим қонгинам,
Мискин, паришонгинам,
Анор бўлиб сен фақат
Мунг ютдингми, анорим?
Тун саҳарга айланур,
Сўнг заҳарга айланур.
Мен ютар оғуларни
Сен ютдингми, анорим?
Сенинг гулларинг маъюс,
Балки ўйларинг маъюс?
Менинг эса хазонга
Тўлмиш ҳамма канорим.
Не умр бўлди умр?
Ою йилларим кўмир.
Энди сўник дунёда
Мушкул эрур ёнорим.
Сен шундайин хомуш қол,
Мисли кўрилган туш қол.
Гуллагайдир менинг ҳам
Бир кун сабру қарорим.
Сўз деб бағримни тилсам –
Дона-дона нор бўлгай.
Дилим шохингга илсам
Бир гўзал анор бўлгай.
«Намозшом бўлдию кўнглим бузилди…»
Намозшом бўлдию кўнглим бузилди,
Яна бир кун умрдан ютқизилди.
Яна беҳосил ўлди ул муродим,
Яна мунг қушлари бир-бир тизилди.
Яна ошмас, хавотир сузди онам,
У бечорам менинг бунча эзилди.
Паришон йилларимни аста чулғаб,
Ўкинчимдан ҳазин сурат чизилди.
На ғамдир бул менинг кўксимдаги ғам,
Ки у беҳадду бепоён чўзилди.
Менинг дил жадвалим кўйингда, эй ишқ,
Балою ранжу миннатдан тузилди.
Ғаройиб косадир даҳр ичра тақдир,
Менга шул косада кўз ёш сузилди.
«Севгим менинг, зор қолдингми охир, севгим…»
Севгим менинг, зор қолдингми охир, севгим,
Яфроғ янглиғ хор қолдингми охир, севгим?
Дунёлари меҳр эмас, зар, сийм танлар.
Тушунмади бизни ҳаргиз бу сиймтанлар.
Бир ғариб боғ, бир тўда зоғ қағиллайдир,
Бағир шу боғ, бу боғ эса бағирдайдир.
Севгим менинг, кўргил хору хасларингни,
Хазонларга айтгил энди арзларингни.
Барчалари гарчи тоза гулдайдирлар,
Кўзлари, сўнг мижгонлари алдайдирлар.
Вафо бизнинг мулкларни тарк этган, севгим,
Садоқат ҳам ўсма янглиғ кетган, севгим.
Севгим менинг, жовдирайсан, қарорим йўқ,
Кетдик дейсан, менинг эса борорим йўқ.
Мен энди шу юмушлардан кечсам дейман,
Ҳасратимдан чойлар дамлаб ичсам дейман.
Шабнамлардан яралган соф атир, севгим,
Дардим айтсам, оламларга татир, севгим.
Лекин энди қўйгил ўтлуғ ғазалларинг,
Кўнгиллари латтадан бу гўзалларнинг.
АЙРИЛИҚ
Қаро тунлар ҳилолимни комига тортган,
Икки аждар баданингни қўриқлаб ётган,
Икки аждар аро, эй сен, зор йиғлаб ётган,
Юлдузларинг нелар сўйлар, энди билмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
Баҳоримдан доғлар қолгай СКАЧАТЬ