Холаси кичкинагина кирхона очиб, шу билан тирикчилигини ўтказар, болалари ва тириктовон эрини боқар эди. Холаси Масловага кир ювувчи бўлиб ишлашни таклиф қилди. Аммо Маслова холасиникида турган кир ювувчи хотинларнинг машаққат билан кун кечираётганларини кўргач, жавобни орқага суриб, бирон идорада хизматкорлик топилармикан, деб иш қидириб юрди. Иккита гимназист ўғли билан яшовчи бир бойвуччаникидан иш топилди. Орадан бир ҳафта ўтгач, гимназиянинг олтинчи синфида ўқийдиган мўйловдор катта ўғли ўқишни йиғиштириб, Масловага шилқимлик қилавериб кун бермай қўйди. Бека ҳамма айбни Масловага тўнкаб, жавобини бериб юборди. Ҳадеганда янги жой топилавермади. Бир куни Маслова одамларга хизматчи топиб берадиган идорага борганида, дўмбоқ қўлларига узук ва билагузуклар таққан бойвучча хотинни учратди. Бу хотин Маслованинг иш қидириб юрганини эшитиб, манзилини берди ва уйига таклиф қилди. Маслова уникига борди. Ойимча меҳрибонлик билан кутиб олди, сомса ва ширин вино билан сийлади, хат ёзиб бериб оқсочини аллақаёққа юборди. Кечқурун хонага баланд бўйли, узун сочларига оқ оралаган ва оппоқ соқолли киши кириб келди; чол келган ҳамоно Маслованинг ёнига ўтирди-да, кўзларини чақчайтириб, илжайиб, бошидан оёғигача разм солиб чиқди, ҳазиллаша бошлади. Бека ойим чолни бошқа хонага чақириб олди. Шунда Маслова унинг: «Қишлоқ шамолини еган, қаймоқдаккина» – деганини эшитди. Кейин бека ойим Масловани чақириб, бу одамнинг пули кўп, ўзи ёзувчи, деди, агар унга ёқиб қолсанг борми, сендан ҳеч нарсасини аямайди, деди. Катюша ёзувчига ёқиб қолди. У Маслованинг қўлига йигирма беш сўм тутқазди-да, тез-тез учрашиб туришга ваъда берди. Катюша холасиникида бўлган вақтидаги қарзини тўлади, янги кўйлак, шляпа ва лента сотиб олди. Шу билан пули ҳам соб бўлди. Орадан бир неча кун ўтгач, ёзувчи уни яна чақиртирди. Катюша борди. У Катюшага яна йигирма беш сўм берди ва алоҳида уйга ўтишни таклиф этди.
Маслова ёзувчи ижарага олган уйда яшаб юриб, худди шу ҳовлида турадиган хушчақчақ бир гумаштани яхши кўриб қолди. Катюша ёзувчига гапнинг очиғини айтди ва бошқа кичикроқ бир уйга кўчиб чиқди. Унга уйланишга ваъда берган гумашта эса, ҳеч нарса демасдан уни ташлаб, Нижний шаҳрига жўнаб кетди. Маслова ёлғиз қолди. У ёлғиз ўзи ижарада турмоқчи бўлди-ю, лекин рухсат беришмади. Даҳа назоратчиси, агар сариқ билет олсанг ва кўрикдан ўтиб турсанг, ёлғиз туришинг мумкин, деди. Шундан кейин у холасиникига кетди. Сўнгги урфдаги кўйлагини, елкага ташлаб юрадиган кийими ва шляпасини кўрган холаси уни ҳурмат билан кутиб олди ва бу сафар, турмуши яхшига ўхшайди, деб ўйлаб, кир ювувчиликка киргин дейишга ботинолмади. Энди Маслова кир ювувчиликка киришни хаёлига ҳам келтирмасди. У олдинги хоналарда турувчи қўллари қоқшол кирчи хотинларнинг оғир турмушига ачинарди. Уларнинг баъзилари қишин-ёзин СКАЧАТЬ