Хуррамбахт Мирзо: Кетиш-кетмаслигимиз Аллоҳнинг ердаги сояси валинеъматимиз иродаларида.
Аржуманд бону: Уруш ўлсин!
Хуррамбахт Мирзо: Инсон бор экан улар ўртасида уруш бўлаверади. Урушни куч билан тугатиб бўлмайди. Токим урушни меҳр ва севги билан енгиш даркор. Сиз бу йўлда менинг суянчиғим, севиклигим бўлгайсиз.
Аржуманд бону: Ўртамизга ҳеч бир инсон тўсиқ бўлолмагай. Фақат сиз урушдан йироқ бўлсангиз деб эдим.
Хуррамбахт Мирзо: Сиз энди маликасиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Сабрли ва шукурли бўлинг.
Шаҳзода Аржуманд бонуга китоб совға қилади. Аржуманд бону китобни кўзига суради. Сўнг шаҳзода ҳозирланиб лашкарлари сари йўл олади. Пардалар ортидан шаҳзодага Аржумандбону боқади. Энтикиб кузатади. Шаҳзода олисларга қарар, хаёли жангда эди.
Ҳарам. Тун. Аржуманд Бону Хуррамбахт Мирзо берган китобни мутолааси билан банд. Бир жуфт шам ёнади. У шам ёруғида бир дам китоб китоб ўқиса, бир дам ширин ўйга толади. Кўзача кўтарган Ҳарам бекаси киради.
Ҳарам бекаси: Тунингиз осуда ўтсин, маликам.
Аржуманд бону: Қўлингиздаги недур?
Ҳарам бекаси жавоб бергунча бўлмай, Аржуманд бону шаддод кулиб, кўзачани олиб ундан бир хўплайдию гандираклаб кетади. Ҳарам бекаси Аржуманд бонуни қўлидан тутиб қолади. Аржуманд бонунинг қўлидан китоб тушади. Ҳарам бекаси Аржуманд Бонуни пардалар ортига олиб кетади. Сарой мунажжими катта китобини қўлтиқлаганча кириб келади. У ёқ-бу ёққа ўтади. Ҳарам бекаси чиқиб китобни олиб, сарой мунажжимига тескари қараб туради. Сарой мунажжими яқин келиб тиз чўкади.
Сарой мунажжими: Чорлаган экансиз, маликам. Маликам?
Ҳарам бекаси Аржуманд бонунинг ҳарир рўмолини бошидан олади.
Сарой мунажжими: (ўрнидан туриб) Мени малика Аржумандбону чорлаган деб эдингизку?!
Ҳарам бекаси: Мени нимам кам маликалардан?
Сарой мунажжими: Э, маликани чақиринг.
Ҳарам бекаси: маликамитз шаҳзода Хуррамбахт Мирзо билан тўйларини қачонга белгиланишини билмоқчилар…
Сарой мунажжими: Буни фақат подшоҳи олам сўрасаларгина айтаман.
Сарой мунажжимига бир халтачада тилла беради.
Сарой мунажжими: (халтачани яктаги ичига беркитиб) Подшоҳимиз амрига кўра шаҳзоданинг юлдузига назар ташлагандим. Тўй бўлишига ҳеч қандай монеълик йўқ. йилнинг ҳар қандай кунида тўй қилиниши хайрлидир.
Ҳарам бекаси: Юлдузлар тўй бўлишига қарши. Аржумандбону билан шаҳзоданинг тўйи бехосият денг. Ким сўраса, жавоб шундай бўлади. Қачон тўй бўлишини ўзим айтаман.
Сарой мунажжими: Ахир сиз башоратгўй юлдуз эмассиз. Мен бошим кетишини истамасмен.
Ҳарам бекаси: Бу Аржуманд Бонунинг тилагидир. У шаҳзодага хотун бўлишни истамагай.
Қаердадир дарвоза очилади. Сарой мунажжими зудликда чиқади.