Сизнинг ёшингиздагилар кўпинча яна бир хатога йўл қўядилар. Улар ўзларига кийим танлаётганларида бу кийимнинг ўзларига ярашиш-ярашмаслигини эмас, қайси машҳур фирманинг маҳсули эканига қараб олишади. Яна шу фирманинг ёрлиғи кийимнинг энг кўринадиган жойида бўлиши керак. Кийимнинг қулайлиги, унинг қайси ерларга кийилиши мумкин эканлиги ҳақида мутлақо ўйламайдилар. Ҳолбуки, сиз кийимда ўзингизни қулай сезаётган бўлсангиз, у сизга ярашиб турган бўлса ва уни ўрнида кийган бўлсангизгина бошқалардан фарқланиб турасиз. Чунки унда сизнинг кийим кийишдаги ўз услубингиз акс этган бўлади. Бу – сиз. Ўзингизга хос жозиба ҳам шунда «мана мен» деб турибди гўё. Сизни энди ҳеч ким билан адаштириб бўлмайди. Энди сиз ўз жозибангиз, ўз услубингизга эришиб олдингиз, энди сиз «ҳамма қаторида» йўқолиб ҳам кета олмайсиз.
Ҳозир сиз шундай ёшдасиз-ки, ота-онангиз сизнинг кийинишга, тўғрироғи – ясан-тусанга чексиз ружу қилишингиз, ортиқча берилиб кетишингиздан, бу нарса кейинги ҳаётингизга ўз изнини киритиши мумкинлигидан ҳам қўрқишар. Четдагиларга «чиройли» кўринаман деб, мода ва ясан-тусанларга берилиш ёмон оқибатларга олиб келишини улар яхши билишади. Ўзингиз ва имкониятингизга қараб кийиниб юрсангиз, яқинларингизнинг яхши фикрини қозонган, қадрингизни сақлаган бўласиз. Уларнинг асосий мақсади – қизларининг эслик-хушлик бўлиб етилишини кўриш. Эслилик-хушлиликнинг биринчи аломати ўз дугоналаридан ажралмаслик, имкони етган кийимга қаноатланиш, озода ва покиза сақлаш, кийимларнинг келишимлигини танлай билишдир.
Қолаверса, сиз ҳозир шундай ёшдасизки, модалар ҳақида эмас, кўпроқ онангизнинг гапига кириб, аксарият ўзингизни ораста тутиш, соч ва баданингизни озода тутиш ҳақида ўйлашингиз тўғрироқ бўлади. Чунки кишининг кийиниш борасида ўз услубига эга бўлиши, худди характерининг шаклланиши каби тез рўёбга чиқа қолмайди. Ахир бир-икки кийим кийиш билангина киши ўзини намоён қила олмайди-ку. Бунинг учун ҳам йиллар керак, ўқиш, ўрганиш, изланиш керак.
Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, кўзгу олдида узоқ-узоқ туриб қоласиз. Хонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда унга умидвор тикилиб, гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Қани энди кўзгуга жон кирса-ю ўз тили билан сизга баҳо бериб деса: «Нақадар гўзалсан! Нақадар чиройлисан!». Буни кўзгудан эшитмасангиз ҳам кўча-кўйда ортингиздан қараб қолганларини сезасиз. Бу гапни ҳеч ким тили билан айтмаган бўлса ҳам, кўзларидаги чўғни сезиб турасиз. Бу сизга қувват беради, одимингиз шўхроқ, кулгингиз жилғалар оҳангини олади. Кишилар ичида шоиртабиати кўп бўлади. Шулар тилидан бирдамас-бирда бу сифатни очиқ-ошкор эшитганингизда ҳам ҳавойиланиб кетманг.
Яратган чиройда кам қилмаган айрим тенгдошларингизнинг ўринли-ўринсиз ўз ҳуснини кўз-кўз қилиши атрофдагиларнинг ғашини келтиради. Худди шуларга ўхшаб, аксинча хунукман деб, ҳадеб изтироб чекаверадиган, буни ошкор кўрсатишга уринадиганлар ҳам кишида ачиниш уйғотади. Сизнинг ёшингиздагиларнинг кўпи ачинишни ҳақорат СКАЧАТЬ