Название: Бахтнинг олис манзили
Автор: Нуриддин Исмоилов
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-343-03-0
isbn:
– Кароче, эллик сўмдан. Фақат яна учта одам. Сизлар камлик қиласизлар.
– Нима иш? – деди Шокир ака.
– Битта тунука бор. Шуни узоғи билан бирор километр наридан олиб келишимиз керак.
– Қўшинг.
– Ўзи битта тунука бўлса, нимасига қўшаман?
– Биз қиладиган меҳнатимизга яраша сўраяпмиз. Бир километр жойга бориб келгунча битта мошинадаги юкни туширса бўлади, олти киши. Юздан ками кам.
– Бўпти, етмиш беш! Бирпасда бўлади.
Шокир ака кўнди, мен хурсанд бўлдим. Ҳар қалай, анави ярамаслардан узоқроқ, кўнглим хотиржам бўлади. Ҳеч кимдан хавфсирамайман.
Бозордан чиқиб, бироз тепаликка юрдик. Дарахтзор бошланди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, ҳеч ким гапирмайди, жим кетиб борамиз. Ора-чора дарахт шохида бир қуш сайраб қўяди. Юракка ғулғула тушади. Шериклардан ортда қолмасликка ҳаракат қиламан. Ҳеч юракнинг ўйноғи босилмайди. Сабабки, қабристон ичидан кесиб ўтаяпмиз. Тўғриси, қабристонга кундузи боришга қўрқардим, ҳозир оқшомда юришнинг ўзи бўладими? Ўлганнинг устига тепгандек, олдинда кетаётган иш берувчи: “Эҳтиёт бўлларинг, эски қабрлар омонат, босволиб ичига тушиб кетманглар тағин”, деб огоҳлантириб қўядики, одамнинг юраги ортига тортиб кетади.
Масжидга ўхшаган бир иморат қурилаётган экан: пишиқ ғиштдан терилган баланд деворлари битган, устига шифер қоқилган, лекин ҳали эшик-роми ўрнатилмабди. Бино ичига кирдик. Тўғриси, аввалига ичкарига оёғим тортмади. Чунки кинода кўргандим, одамларни мана шундай овлоқ жойга олиб келишиб, отиб ташлашади. Бироқ ташқарида қолишга ҳам юрагим бетламасди, чунки йигирма қадам нарида, баланд-паст, бирининг атрофи панжара билан ўралган, бошқасининг усти, қоронғида яхши кўринмайди-ю, ҳар қалай, бетонми, мармарми, ишқилиб, нима биландир ёпилган қабрлар дўмпайиб турибди.
Йўл бошловчи тимирскиланиб ниманидир топди-да:
– Келинглар, кўтаринглар, – деди.
Биз у айтган нарсани ушладик, ҳақиқатан ҳам, қана-қадир тунука экан. Эни икки метрча келади-ю, лекин узунасига олти-етти метрдан кам эмас. Оғирлиги ҳам шунга яраша. Олти кишилашиб инқиллаб-синқиллаб кўтардик. Сўнг уни бинонинг ичидан олиб чиқиб, ортимизга қайтдик. Йўлак хийла тор, гоҳ-гоҳида юмшоқ жойларни ҳам босардик. Эҳтимол, бу қабрдир, оёқ остига қарашнинг эса иложи йўқ.
Хуллас, айтилган манзилга тунукани элтиб бердик, очиғи, бўларим бўлди. Айниқса, ўша одамнинг дўкончилардан бири билан талашиб-тортишиб: “Ока, бу нарсани қимматга олганман”, деган гапини эшитганимда, устигаустак, ваъда қилинган пулдан йигирма беш сўмдан қисиб қолганида, қоним кўпчиди.
– Манавини олиб қўйинг, – дея у берган пулни Шокир акага узатдим.
– Нега? – деди у.
Чироқ ёруғида унинг ҳам норозилиги шундоққина юзидан кўриниб турарди.
– Кейинроқ берарсиз. Менга сал илвирагани тушибди. Йиртиб қўяман, пулларингизнинг орасига қўйсангиз, яхши туради.
Бу оқшом ҳам тонг отгунча ишладик. Шерикларимдан камроқ топдим-у, СКАЧАТЬ