– Пурҳикмат насиҳатларингиз учун ташаккур, тақсир, – деди Али Қушчи. – Фақир сизнинг насиҳатларингиз самимий эканига шубҳа қилмасмен. Аммо… – Али Қушчи ҳаяжонланиб, қулт этиб ютинди. – Аммо сўз оддий дурдоналар – тилла ва жавоҳирлар тўғрисида эмас, илм жавоҳирлари тўғрисида борадур. Инсониятнинг энг етук фарзандлари бунёд этган хазина устида борадур. Сизга маълумдир, устод Мирзо Улуғбек бу хазинани салкам қирқ йил йиғмишдир. Фақир эса, устод Мирзо Улуғбекнинг меҳри саховати туфайли одам бўлганмен. Устоднинг нон-тузини, берган илмини унутган шогирд кўр бўлур, тақсир. Бас! Камина ўз бошимни асраб қолмоқ муродида устоднинг раъйини қайтаргандин кўра, сиз айтган хурофот гулханида ёнмоқни афзал кўрурмен!..
Ҳаяжондан нафаси бўғилган Али Қушчи, чуқур тин олиб, зимдан мавлоно Муҳиддинга кўз ташлади. Мавлоно Муҳиддин ҳамон бояги вазиятда чурқ этмай ўтирар, фақат духоба такя кийган боши яна ҳам пастроқ эгилган эди.
– Мавлоно Али Қушчи, – деди чол, оппоқ қошларини силаб. – Сиз кўп баландпарвоз, кўп улуғ сўз айтдингиз. Аммо осий бандани афв этинг, бу сўзни сиздан кўпни кўрган закий мавлоно эрмас, илм даргоҳига энди қадам ранжида қилган ўн беш яшар ёш талаба сўзласа ярашур эди… – Салоҳиддин заргар Али Қушчининг гапирмоқчи эканини кўриб, қўлини кўтарди. Сўзимнинг “берди”сини айтмоққа ижозат этгайсиз, мавлоно! Сиз аълоҳазратларининг меҳри оқибатидан сўзладингиз. Дуруст. Ул зоти шарифнинг меҳри саховатини унутмоқ кўрлик бўлади. Аммо сизга бир саволим бор…
– Марҳамат, тақсир…
– Сиз… суюкли набирам Хуршида бонуни Амир Иброҳимбекнинг кенжа ўғлига никоҳлаб берганимдан хабарингиз бордур?
– Хабарим бор. Аммо…
– Аммо бу ожизамиз шаҳзода Абдулъазиз туфайли бахти қора бўлғонидан хабарингиз борму? – деди Салоҳиддин заргар ва тўсатдан кўзига ёш олди. – Билмасангиз билиб қўйинг, мавлоно. – Мирзо Улуғбекнинг суюкли фарзанди, шаҳзода Абдулъазиз куёвимизни қатл эттириб, бир бандаи мўъминнинг манкуҳасини30 тортиб олди ҳамда пайғамбир алайҳиссалом макруҳ деб билган ҳарамхонага жория қилди… Биз давлатпаноҳ Мирзо Улуғбекдан меҳр-саховат кўрган бўлсак, унинг суюкли зурриётидан мислсиз азият чекдик, мавлоно Али!..
Чол чўнтагидан анбар ҳиди анқиган ипак рўмолчасини олиб, кўз ёшларини артди. Мавлоно Муҳиддин ҳам ҳиқиллаб қолганини кўрган Али Қушчи кўзларини олиб қочди. Эсига устоднинг гаплари тушди: “Унинг жисми ногирон, Али. Қалби маҳзун…”
Ҳай аттанг! “Жисми ногирон, қалби маҳзун” бу шаҳзода улуғ падарининг бошига не кулфатлар солмади! Бир-икки ой Самарқандда қолганида кўп амирларни тазйиқ остига олиб, онҳазратларига қарши қўйди. Устод эса, ота экан, уни жисми ногирон, қалби маҳзун деб, қон ютади!..
– Устод шаҳзоданинг бу разил кирдикоридан бехабар эркан, узр сўрадилар, – деди Али Қушчи.
Салоҳиддин заргар юзини СКАЧАТЬ
30
Манкуҳа – жуфти ҳалоли.