– Жейн хола, сиз айтинг-чи, бу ерда қотиллик содир этилганми, йўқми? Сиз нима деб ўйлайсиз? – сўради Реймонд.
– Сизга бундай ишларда ҳазил қилиш ярашмас экан, – деди мисс Марпл. – Маргимушни топиш қийин эмас, ундан саройда тўлиб ётибди.
– Ҳа, тўғри, – майин сўзлади Жоан Уэст.
– У мерос қолдириб жуда ажойиб иш қилган, – деди Реймонд. – Бечора кампир мана бу ҳайбатли уйдан бошқа нимани ҳам қолдирарди. Уй кимга ҳам керак?
– Балки у киночиларга ёки бирор-бир ташкилотга керак бўлиб қолар, – деди Хорейс.
– Агар улар буни текинга олишмаса, – гапни бўлди Реймонд. Мисс Марпл бошини чайқади.
– Реймонд иккаламиз бу масалада келишолмас эканмиз. Мен айтмоқчи бўлган нарса маблағ билан боғлиқ. Отахонга Худо бойлик берган-у, ақлдан сал қисган экан-да! У зарар кўриши ҳам мумкин эди-ку! Бироқ у бир амаллаб бойлик тўплаган. Агар шундай қилмаганида ўғлига ҳеч нарса йиғолмасди-да. Ўғли эса отасининг акси. Бир тийин учун жонини берадиган ўта хасис одам. Менимча, у бутун умрини бойлик тўплаш билан ўтказган. Мисс Гриншоу ҳам уларнинг бир тури. Пул сарфлашни ёмон кўради. Унинг бир замонлар яширган мўмайгина даромади бор.
– Мен Луиза ҳақида ҳам шундай фикрдаман, – деди Жоан Уэст.
Улар печка ёнида жимгина ўтирган Луизага қарашди.
Жоан Уэстнинг жияни Луиза яқинда турмушга чиққанди. Унинг икки нафар фарзанди бўлиб, мўмайгина маблағи ҳам бор экан. Энди гап ўша қўлга киритилган маблағни сақлашда экан.
– Мен ана шуни назарда тутяпман, – сўзини давом эттирди Жоан. – Агар мисс Гриншоу ҳақиқатдан ҳам кимнидир кундалигини олиб, уни китоб қилиб чоп этишни хоҳласа…
– Бу ҳали хом хаёл, – деди Реймонд.
Луиза:
– Бу ишни қойиллатиб бажариш қўлимдан келади, – деди. – Ўйлайманки, бу иш менга ёқади, – қўшимча қилди у.
– Унга шундай деб ёздираман, – деб ўрнидан турди Реймонд.
– Қизиқ, бу кекса хоним полициячи ҳақида нима демоқчи ўзи?
– Ҳа, бу шунчаки ҳазил.
Мисс Марпл бошини сарак-сарак қилиб:
– Бу менга жаноб Нэйсмитни эслатади, – деди.
– Ким у жаноб Нэйсмит деганлари? – қизиқиб сўради Реймонд.
– Асаларичилик билан шуғулланади, – деди Мисс Марпл. – У якшанба кунидаги газетада ажойиб классик шеър эълон қилдирди. У одамларни чалғитишни яхши кўради. Баъзи пайтлар бу унга омад ҳам келтиради.
Даврада ўтирганлар жаноб Нэйсмит ҳақида фикр юритишди-да, кейин жим бўлиб қолишди. Баҳс тугагунча, кекса Жейн хола қарилик сабаб баъзи бир нарсаларни чалкаштириб юборди…
Хорейс Бандлер ўз коллекциясига ҳеч қандай янгилик киритолмасдан, Лондонга қайтиб кетди. Реймонд Уэст эса мисс Гриншоуга хат ёзиб, мисс Луиза Окслига ишонч билдирганини, эсдаликлар устида иш олиб боришга қодир эканлигини билдирди. Бир неча кундан сўнг чумоли юргандек ёзувда жавоб келди. СКАЧАТЬ