– Болам, Қаландар! Сен фоний дунё лаззатини тарк этиб савоби азим юмуш қилдинг. Даргоҳи илоҳининг гадоси – ҳақ таолонинг суюкли бандаси эрур. Аммо ростингни айт: кўнглингда бу йўлни ихтиёр этиб тўғри қилдимму, йўқму, деган бир иштибоҳ йўқму?..
Қаландар Қарноқий олдидан илон чиққан одамдай юраги шиғ этди: шайх унинг кўнглидаги шубҳаларни сезган эди.
– Нечун сукут қилурсен, дарвеш?
Қаландар секин бошини кўтарди. Шайх сал олдинга эгилиб, пахмоқ қошларини бир-бирига туташтириб унга қадалиб ўтирар, қип-қизил, хушсурат чеҳрасида бўлакча бир шиддат, кишини ўзига ром қиладиган бир куч бор эди. Қаландар кўзини олиб қочаркан, бош чайқади:
– Йўқ, пирим, кўнглимда шубҳа йўқ. Ва лекин…
– Сўзла! – деди шайх.
– Ва лекин зоҳидларнинг кирдикорлари ранжитадур, пирим. Кўплар гадоликни танлабди, аммо гадоликка бош эгмайди, гуноҳдан қўрқмай наша чекади, ғийбат қилади, қимор ўйнайди, пирим…
– Инналлоҳо маассобирин, яъники, Оллоҳ сабр қилғонлар билан биргадур. Сабр қилғайсен, дарвеш!
Шайх чуқур хўрсиниб, бир тебраниб қўйди.
– Дилингдан бул иштибоҳни ҳайдаб, истиғфор айлагайсен. Токи, кимки гуноҳ қилса, тонг-ла маҳшарда жазосиз қолмағай! Парвардигори оламга шоҳу гадо баробардур, бўтам. Мана, даҳрий шоҳ Мирзо Улуғбек! Ас-салотин зиллоллоҳу фил арз! Инчунин, мен худонинг ердаги соясидурмен деб, мутакаббирлик қилди. Бобоси Амир Темур… – худованди карим зоти табаррукни бу дунёда соҳиби тож қилғондек, охиратда ҳам муқарриби даргоҳ қилғай!.. Бобоси Соҳибқирон васиятларидан юз ўгириб, дин аҳлини оёқ ости қилди, даҳрийлик йўлини тутиб, фоний дунё лаззатларига шўнғиди. Оқибат, икки дунё мақҳур33 бўлди… Ҳа болам, халлоқи олам ҳеч бир бандасининг гуноҳини кечмайдур. Токи… Ассавобу бифазлиҳе вал уқобу биадлиҳе ва ла яджибу алайҳе шайъун… Даҳрий шоҳнинг лашкарлари қатлу қирғин бўлибдур. Тахтимизнинг валиаҳди Мирзо Абдуллатиф қўшинлари букун-эрта доруссалтана Самарқандга кириб келадур, болам…
Шайх унга қараб гапираётганини, ундан жавоб кутаётганини билса ҳам, Қаландар бошини кўтармади. У нима дейишини, шайх ҳазратларининг бу гапига қандай жавоб беришини билмас эди. Гарчи у, Мирзо Абдуллатиф лашкар тортиб келаётганини эшитган бўлса ҳам, шайх ҳазратларининг айтганлари кўнглини ағдартўнтар қилиб юборди. Нечун? Ё даҳрий шоҳга ачинганиданми? Ўзинг афв эт, парвардигори олам. Ва лекин… бу шайх не дейди? Осий бандангнинг қай бири даҳрий, қай бири имони басаломат муслимин, ёлғиз ўзингга аён эмасми, худованди карим?..
– Нечун индамайсен, дарвеш?
– Сўзингизни мулоҳаза қилмоқдамен, пирим. Филҳақиқат, ҳақ таолога шоҳу гадо баробардур…
– Камоҳува ҳуққуҳу! – деди шайх. – Иншооллоҳ, эндиликда даҳрий шоҳнинг гуноҳ ишларига чек қўйилур. Диёнатсиз алломалар, иншооллоҳ, Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдалур. Мова роуннаҳрда динул ислом камол топадур! Илоҳи омин! – Шайх юзига фотиҳа тортиб, яна Қарноқийга тикилди.
– Бўтам Қаландар! – деди у, хиёл сукут СКАЧАТЬ
33
Мақҳур – Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлди маъносида.