СКАЧАТЬ
Ширин хаёлларга берилди: “Бирга яшаймиз, бирга занглаймиз ва бирга ўламиз. Ҳали ўлимгача вақт кўп. Унгача анча ишларни бажаришга улгурамиз. Ана шу ишларнинг энг муҳими, фарзанд кўриш ва кўпайиш. Кўпайиш учун вужудни бошқа бир вужудга пайванд этиш керак. Фақат бунга ижозат бормикин?” Йигитнинг хаёли бўлинди. Издиҳом оёққа қалққан, одамлар турган жойларида оҳиста тебранар ва осмонга қарашарди. Пўлат вужуди енгиллашиб бораётганини ҳис қилди. Ернинг тортиш кучи деярли сезилмасди. Ундина осмонга учиб кетмаслик учун унинг белидан маҳкам қучганча қийқириб куларди, ерга тегиб-тегмай турган оёқларини енгилгина типирчилатарди. Йигит эса осмонга учиб кетмаётганлигининг сабабини қизнинг оғирлиги ҳам ўз вазнига қўшилганидан деб, уни қўйвормасликка ҳаракат қилди. Издиҳом ниманидир кутарди. Яна шивир-шивир бошланди. Осмонга учиб кетмаслик мақсадида ҳамма бир-бирини ушлаб олган. Мисли кўрилмаган улуғ воқеа юз бериши керак эди гўё. Пўлат боши узра чайқалиб турган бўшлиққа қаради. Кўзи тиниб кетди. Осмон деб номланган буюк бўшлиқнинг четлари ернинг теграсига ёки уфқларда юксалиб турган тоғларга эмас, одамларнинг бошига тегиб турганини кўриб, рубъи маскундаги бор халойиқнинг ҳаммаси шу ерга тўпланганини тушунди. Гўё одамлар боши билан осмонни суяб тургандай. Кутилган воқеа худди ана шу лаҳзада, яъни издиҳом кўкка боқиб ҳайратланиб турганда юз берди. Осмонда Ер курраси муаллақ турарди! Нима учундир Пўлат бу ҳодисани биринчи бўлиб ўзим кўрдим, деган хаёлга борди. Юрагига сиғмаётган қувончни ҳаммага эшитарли қилиб бор овоз билан қичқириб айтгиси келди.
– Қаранглар! Қаранглар! Ер курраси! Ер курраси! Курраи Замин осмонда учиб юрибди!
Йигитнинг нидосига ҳеч ким эътибор қилмади. Ҳатто Ундина ҳам ҳайқириқни эшитмаган, нигоҳини осмони хафтумга тикканча жилмайиб турарди. Шундай катта жисм қулаб тушса мисли кўрилмаган фожиа юз бериши мумкинлигини билишса-да, кимларнидир олқишлашар, кўм-кўк осмон сатҳида муаллақ турган куррага таҳсинлар айтишар ва бундай улуғ тарихий воқеани бошқа бирор халқ, ўзга авлод ёки аждод эмас, ўзлари кўришга мушарраф бўлганларидан фахрланишарди.
– Бу фирқанинг иши!
Пўлат қулоғи остида ана шундай деб шивирлаган кишига қаради ва дарҳол эътироз билдирди:
– Йўқ, халқнинг кучи.
– Нима билан исботлайсиз?
– Халқ қудратли деб эшитганман. Қаранг, боши билан осмонни кўтариб турган ҳам халқ эмасми?!
– Тўғри, кўтариб турибди, аммо кучни қаердан олаяпти? Бу томонини ўйлаб кўрмагансиз, ўртоқ. Халқ кучини фирқадан олаяпти. Фирқа уни илҳомлантириб, сафарбар этиб, қувват бағишлаб турибди.
Пўлат бу одамнинг нуктадонлигига, фикрни ихчаму ишонарли қилиб тушунтиришига қойил қолди-да, сўради:
– А… фирқанинг ўзи қаерда?
Нуктадон одам кўрсаткич бармоғини чеккасига тегдирди, “мана бу ерда”, деди ва сўради: