Ўлмас келинойи белини ушлаб, иҳраб-сиҳраб ўрнидан туради. Маъсума дамлаган чой ичиб бўлинади. Сўнг хайр-хўшлашиб, ишнинг қолган қисмини эрта бир кун тугатиб қўйишни ваъда қилишиб, ҳовлидан юқори кўтарилишади.
“Кўтарилиш” дегани шундай: тош-шағал ташланавергач, кўча сатҳи кўтарилиб, ҳовли саҳни паст бўлиб қолган. Ўлмас келинойининг ҳовлиси ҳам шунақа: почча ахийри, дарвозадан ҳовлига тушиш учун пиллапоя ясашга мажбур бўлган. Айни шу пиллапоя ёнида ўрикнинг бир шохи пастгача эгилиб, чаман-чаман гул очган, орасида асаларилар визиллайди. Мунис оғача шохчани синдириб, чаккасига тақиб олади.
– Поччанг билан гаплашиб айтаман, хўпми, ўргилай, – деди хайрлашаётиб.
Тунда гултўкар шамол қўзғалади.
Булутларни сура келади у. Олисдаги тоғларнинг муз ҳавосини опкелади. Том қамишларини шитирлатиб, ҳовлидаги ашқал-дашқалларни тиқирлатиб, ёмғир севалай бошлайди.
– Маъсума, челакларни олиб чиқ, ҳозир қуйиб юборади!
Чақмоқ чақнаб, кўкни ёргудек бўлиб момақалдироқ гумбирлайди. Маъсуманинг ранги оппоқ оқариб кетади, жонҳолатида самога қараб “Эй Худо, ўзинг кечир” деб пичирлайди. Сўнг чопа сола, томига босилган қамишларидан томчилар чакиллаб турган пастак ошхонага кириб, сувчелакларни айвонга олиб чиқади. Ўлмас келинойи унинг саросимасини кўриб, дейди:
– Мунча титрамасанг, момақалдироқдан ҳам қўрқадими одам?
– Билмасам, гумбурлашидан ўтакам ёрилаёзди.
Яна икки-уч карра чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирлагач, шаррос қуйган жала ҳаммаёқни сувга бўктиради. Кўчадан оққан лойқа ҳовлиларга оқиб кираверади. Шу аснода қарасангиз, ҳалқоб-ҳалқоб сувларни тоғораю пақирларда ташиб, ариққа тўкаётган кишиларни кўрасиз. Ўрик, олча гуллари лойқага қоришиб кетади.
Маъсума Ўлмас келинойи билан бирга сув ташиб чарчайди.
Эски Жўва маҳаллалари узра елади шамол. Қўштут нисбатан баландда бўлгани учун, у ерда ваҳшати янада кучлироқ билинади. Сағбон, Каллахона, Сақичмон торкўчаларига кириб, гуллаган дарахт ифорларини сочиб юборади. Пана-пастқамларда туриб қолган ҳавони тозалаб ўтади.
Унинг сасларининг ўзгариши ажаб. Бўғотларда гувиллаган товуш чиқаради, шу ҳолида чапани йигитларнинг кимгадир ўдағайлаётганига ўхшайди. Кичик тирқишларда чийиллаб зорланади, бундай тор маконлардан қутулишнинг иложи борми, дейди. Қозон устидаги қозонтувоқни суриб ағанатади, пақирни даранглатиб ҳовли четига обориб қўяди, бир қарасангиз, қувнаб эса бошлайди, янги гул очган шохчаларни аямай юлқилайди.
Бу – оддий эмас, қишнинг қолган-қутганларини опкетиб, баҳорга алмаштирадиган шамол! Унинг қанотида самодан Кўк қизи тушиб келади, аввал тушганида оламни гул-чечакка буркаган бўлса, энди ҳар қадамида уруғланган куртакларнинг гуллари тўкилиб, бўртиқ мевалар пайдо бўлади. Кўк қизи оламга ҳайрон-ҳайрон боқади, ҳар ер-ҳар ерда ниш урган бегона ўтларни шамол қамчиси билан аямай савалайди. Беор ўтлар эса япроқлари билан бошчаларини паналаб, бу тўс-тўполон тинишини, тезроқ СКАЧАТЬ