Сўнг Эски Жўванинг машҳур овқат бозори келади. Бу ер тонг ёришмасиданоқ гавжум бўлади, бозорчилардан ташқари, яқин орадаги масжидларга бомдод намозини ўқишга келганлар шу ерда нонушта қилишади ёки лаззатли таомлардан уйларига олиб кетишади. Саҳарги овқатлар орасида остига чўғ қаланган пақирлардаги мошхўрда, сувли гўжа, гуручни қовуриб, устига сув қуйиб тайёрланадиган “лўкки” деган таом машҳур. Кундузнинг таомлари қуёш кўтарилмасиданоқ тайёр бўлади. Катта чўян қозонлардан палов иси бурқирайди, ошпазлар узун сопли чангак билан паловнинг гўштларини санчиб-санчиб олиб, тоғорага уйишади. Чаққон шогирдчалар қўлларида косаларни тутиб елиб-югуришади. Дошқозонда кесма, жўхори ош, угра пишади, катта тоғораларда ҳасип, норинлар уйилган, шу ернинг ўзида тандирларга сомсалар ёпилган, Каллахонанинг довруқли сомсапазлари қўллари куйиб-куйиб, сомса узишади. Янаям нарироқдаги пақирларда эса қайнатилган от ва мол гўштини алоҳида, сувини алоҳида сотишади. Кабобпазлар терлаб-пишиб кўра елпийди. Буларнинг ҳам ўзига хос ҳийлалари бор: масалан, паловга кўкнори кукуни сепилса, ейишли бўлади. Кабобчилар озгина қиймага қўзи думбаси билан нон увоқни сутга ивитиб қўшиб юборишади, қарабсизки, бундай таъм дунёда йўқ деб еяверасиз, сира тўймайсиз. Ариққа ёнлама қилиб қўйилган сўриларда бозорнинг беш-олтита чапаниси, олдида бир чойнак чой, нон ва майиз, яхтагининг кўкраги елвагай очиқ, белбоғ атай бўшроқ қилиб боғланган, биқиндаги гулдор оҳанжамали қинда пичоқ, мўйловини бураб-бураб, ғоз ўтиришади.
Тим остида хотин-халажнинг кўзини ўйнатадиган расталар қаторлашган: мато-газлама расталарининг сотувчилари кибор, савлатли, шоҳи белбоғларига қўлларини тиқиб, аста айланишади, баъзилари атлас тўшакларда чордана қуриб олишган. Улар орасида Махсум поччанинг дўсти, Чақар маҳаллалик Абдухалил читфуруш ўғли Абдузоир билан қўр тўкиб ўтиради. Махсум почча шу кишининг молларини сотиб, даромад топади. Тепароқда яна-да кибор савдогарлар растаси: у ёқда Оврупадан, Ўрусиядан ё Тифлисдан келган буюмлар сотилади. Тери жомадон ичидаги патефон-граммофонлар дейсизми, ичида қуш сайрайдиган соатлар дейсизми, ўттизинчи чироқлару унинг мойлари дейсизми? Чироқ мойи ёнида иссиқ иқлимлардан келган хурмо, зайтун мойи шишалари ялтираб кўзни олади. Буларнинг кийинишлари яна ўзгача, кими турк фасини кийиб олган, баъзилари янгича тақлидда этик ё кавуш, яна бирида жужунча, белига белбоғ ўрнига камар таққанлар ҳам бор. Камарни аскар таққувчи эди, фаранг кофири уни кўча-кўйга тақармиш. Ўрусияга қатнайдиган савдогарлар Сибириядан келтирилган мўйналар, ўша ёқларда бўладиган кийикнинг катта шохлари, айиқ панжалари орасида зерикишади. Янаям нарёғи эса унча-мунча одам боришга ботинолмайдиган заргарлар растаси. У ер тинч, ортиқча шовқин-сурон СКАЧАТЬ