–Бунча пул қаёқдан келди? – ҳайратга тушган Оксана Ринат томонга қаради.
– Келди-да…– Йигит қизга нима деб тушунтиришини билолмасди.
–Қалам ҳаққингми?– жилмайди қиз, -Табриклайман. Бу сен учун катта бойлик-ку. Шинамроқ бошқа бир уйни ижарага олсанг, эгни-бошингни эпақага келтирсанг ҳам бўлади.Бу ерда бир неча минг доллар бўлса керак. Энди сен бадавлат одамсан, аммо, ландовурлигинча қолибсан.Уйингда ҳатто ноннинг ҳам йўқ. Мен пулсиз қопти-да, деб ўйласам, бу кишим бир даста долларни қучоқлаб оч ўтирибди. Шунақаям ахмоқлик бўлдими?
–Оксана, – йигит сўнгги бор қиз билан гаплашишга уринди.
–Бас қил, – қиз Ринатга андак жирканиш билан қараганди, бу уларнинг ораси очиқлиги ҳақида айтилажак ҳар қандай сўздан кўра ишончлироқ таъсир қилди. Зеро, эркак киши билан суҳбатлашаётган аёлнинг чеҳрасида шунақа ифода пайдо бўлдими бас, бу – уларнинг муносабати бутунлай барҳам топганини билдиради.
–“Миллионлар”ингни ақл билан харажат қилишга ҳаракат қил, – деди қиз масхараомуз оҳангда, уни туртиб юборгудек бўлиб, даҳлизга ўтаркан.
Ринат қизнинг ортидан тикилиб қолди.
–Китоблардан бирида қандайдир доғ бор,– деди хайрлашар чоғда Ринат,– олиб келганингда шундай эди.
–Бу бизнинг биргаликдаги ҳаётимиздаги сўнгги доғ бўлиб қолади, деган умиддаман, – қиз шундай мушкул пайтда ҳам ўзида ҳазиллашишга куч топди. –Хайр, Ринат. Ўзинг яхши йигитсан-у, жуда пандивақисан-да. Яна нон олиб келиш эсингдан чиқмасин. Ҳозирча.
–Омадингни берсин.
Йигитнинг сўз оҳангидаги нимадир қизни ўгрилиб қарашга ундади:
– Раҳмат, – у Ринатга тикилди,– Бундан кейин меҳмонлар олдига бунақа либосда чиқма.Хайр.
У эшикни секин ёпиб, уйдан чиқди. Ринат ёлғиз қолди. Хонага кириб стол устида ётган даста пулга қаради. Сумкага кўз ташлади.
– Менинг “миллионерлик” ҳаётим шу тарзда бошланди, – у паст овозда ўз ҳолига шарҳ берган бўлди,– яъни, шод-хуррамлик билан деса ҳам бўлади.
У қайрилиб, чўмилиш хонасига ўтди. Негадир соқолини қиртишлагиси, худди Оксанадан сўнг яна кимдир йўқлаб қоладигандек ювингиси келиб кетди.Лекин, ушбу тунда уни бошқа ҳеч ким безовта қилмади.
4 боб
Эрталаб уларни олиб келиш учун Плавник ўз машинасини жўнатди. Дима “Мерседес”га ўтирган заҳоти, “машинада чексам бўладими?” деб сўради. Ҳайдовчи кечирим сўраб, хўжайини одатда чекмаслигини айтди. Дима ҳафсаласи пир бўлиб тиржайди.
Плавникнинг маҳкамасида уларни франциялик адвокатлар кутиб туришарди. Уларни биринчи қаватда кутиб олган кечаги аёл бугун ниҳоятда хуштавозе эди. Бу сафар у қўнғир костюм, тиззаси етмайдиган юбка кийиб олганди. Ҳатто, бу гал ўзини таништиришни ҳам лозим кўрди.
–Исмим Тамара, –деди у Ринатга, – Иосиф Борисовичнинг ёрдамчисиман.
СКАЧАТЬ