Бэт билан Нэн − ўн беш яшарлик эгизак қизлар, мулойимгина иркитойлар бўлиб, жулдур кийимларда юришади, ўзлари ғирт бесавод. Оналари ҳам бу борада қизларидан унчалик фарқ қилмайди. Аммо отаси билан бувисини нақ иблиснинг ўзи дейсиз: улар имкон топган жойларида шароб ичиб олиб, бир-бирлари билан ёки рўпараларидан ким чиқиб қолса ўша билан уриш-жанжал қилишади. Икковлари маст ҳолларида ҳам, хушёр пайтларида ҳам ҳар қадамда оғизларидан сўкиш-қарғиш ва турли қўланса сўзлар чиқади. Жон Кенти ўғри, унинг онаси эса тиланчи эди. Улар болаларни тиланчилик қилишга мажбур қилишарди-ю, лекин ўғрилик қилишга ҳеч кўндира олмасдилар.
Уйни тўлдириб турган қашшоқлар ва ўғрилар орасида уларнинг сирасига кирмайдиган бир одам ҳам яшар эди. У хушфеъл кекса руҳоний бўлиб, қирол уни бир неча мис чақалик нафақа билан том маънода кўчага улоқтирганди. У кўпинча болаларни ота-оналарига билдирмасдан, яширинча ўз хонасига бошлаб кирар ва уларга эзгуликдан сабоқ берарди. Қария Томга ўқишни ва ёзишни ўргатди ва Том ундан лотин тили бўйича ҳам озроқ билим олди. Қария қизларга ҳам савод ўргатмоқчи бўлди-ю, лекин қизлар кўчадаги дугоналари уларнинг шу аҳволларига савод ўрганиб олганлари учун мазаҳ қилишлари тайинлигидан чўчишди.
Бутун Сарқитлар Ҳовлиси худди Кентилар яшаган уй каби ари уясининг нақ ўзи эди. Ичкиликбозлик, жанжал ва муштлашувлар бу ерда одатий ҳол. Тўс-тўполонлар ҳар кеч содир бўлиб, деярли тонгга қадар давом этади. Сўйилда чақилган каллалар ҳам бу ерда очлик ва қаҳатчилик каби кундалик ҳолат. Бу ерда туриш-турмуш шундоқ аянчлик эрса-да, митти Том ўзини ҳеч ҳам бахтсиз сезмасди. Аксар ҳолларда кичкина жони азобда қолиб турган тақдирда ҳам у бошига тушган уқубатларга унчалик аҳамият бериб ўтирмайди: Сарқитлар Ҳовлисидаги барча болаларнинг қисмати эди бу; шу боис болакай ўзгача ҳаётни тасаввур ҳам эта олмасди. Том кечки пайт уйига икки қўли бўш кириб борса, отаси бўралатиб сўка-сўка аямай калтаклашини, бувиси ҳам тинч турмаслиги, ярим тунда эса доимий оч-наҳор онаизори биқинибгина келиб, ўзи емасдан, боласи учун яшириб олиб қўйган қоқ нон бўлагиними ёки овқат қолдиғиними, астагина узатишини яхши билади. Ҳолбуки, шўрпешана аёл неча марталаб мана шу номақбул иши устидан қўлга тушиб, эвазига эрининг беаёв калтакларига дучор бўлган.
Гапнинг пўсткалласини айтсамиз, Томнинг ҳаётини жуда унақа оғир деб ҳам бўлмасди, масалан, ёз ойларида. У отасининг дўппослашларидан қутулиш учун кўчада ўлганининг кунидан, номигагина тиланиб қўярди. Чунки мамлакатда тиланчиликка қарши қонунлар жуда шафқатсиз бўлиб, жиноят устида қўлга тушган гадолар ниҳоятда қаттиқ жазоланар эдилар. Бола кўп-кўп соатларни роҳиб Эндрюнинг ёнида ўтказар, унинг девлар ва пакана одамлар, жодугарлар ва паризодлар, афсунлаб қўйилган қасрлар, олийжаноб подшоҳлар ва одампарвар шаҳзодалар ҳақидаги узундан узоқ қадимий афсоналари ва эртакларини тинглаб ўтирарди. Унинг онгию тасаввури ана шу ғаройиботлар билан тўла бўлиб, болакай кўпинча тун қоронғисида, СКАЧАТЬ