СКАЧАТЬ
Бу эгилиб ўтириб дўппи тикишнинг натижаси эди. Аяжонимда тиним йўқ эди. Биз – фарзандларнинг қорин ғами-ю, уст-боши, хуллас, рўзғор аталмиш барча ташвиш аяжонимнинг зиммаларида эди. Ҳар якшанба бўладиган бозорга беш-олти дўппи тикишга улгуриш учун тинмас эдилар. Ўзлари тепчирдилар, акаларим, опаларим пилталашарди. Мен кичкина бўлганим учун бу ишлардан озод эдим. Кейинроқ улғайиб, кучга тўла бошлаганимда дазмол қилишга ёрдамлашардим. Оғир чўян дазмол ичига ўт қалаб, қиздириб, елимлаб қуритилган дўппиларга дазмол урардик. Ҳафта давомидаги азоб дўппи тикиш билан кифояланмас эди, уни сотиш керак, бозорнинг хўжайини бўлган қориндор милиционерлар таъқибидан қочиб юриб сотиш керак. У дамларда ҳунармандлар таъқиб остида эдилар. Қонунга кўра, улар “текин даромад топувчилар” деб саналарди. Новвойми, заргарми, кўнчими, маҳсидўзми, дурадгорми, наққошми, ўймакорми… ҳаммалари меҳнат қилсалар-да, советнинг кўзига текинхўр бўлиб кўринардилар. Маҳалла раислари, участка инспекторлари уларнинг фаолиятидан “кўз юмиб” индамай юрганлари учун вақтида чўтал олиб туришарди. Бозордаги милиционерлар еб-тўймасликда улардан ошиб тушарди. Шунинг учун кўпинча Баҳодир акам бозорга бирга тушардилар, вазифалари – пойлоқчилик. Кейинроқ бу вазифа менга юкланди. Дўппиларни ушлаб, бир четда шумтираб тураман. Битта дўппини сотиб бўлгач, аяжоним иккинчисига келадилар. Милиция ушлаб олса, дўппиларни олиб қўяди. Ҳеч қанақа хат-ҳужжатсиз олиб қўяверади. Қонунни билмаган одамлар милициянинг шундай қилишга ҳаққи бор, деб ўйлаб, қамамай қўйиб юборганига қувониб кетаверадилар. Мен ҳам ўшаларнинг биттаси эдим, милиция ушлаб олиб қамаб қўймасин, деган қўрқувда ўтирардим. Агар дўппиларнинг ҳаммаси сотилса, чойхонада ўтириб бир чойнак чой, биттадан сомса олиб ердик. Эрталаб нонушта қилмай, Хастимомдаги бозорга пиёда борардик. Пешинга қадар дам офтоб тиғи остида, дам совуқда, дам ёмғирда туриб, аяжоним жуда-жуда ҳолдан тоярдилар. Лекин ҳорганларини сездирмасдилар. Чой ичиб, сомсани еяётганларида қўллари нима учун титраётганини ўшанда билмаганман. Энди биламан. Ўша ҳолатни эсласам, вужудим фиғон ўтида куя бошлайди, бўғзимга йиғи келади.
Киши улғайган сайин болалигидаги ночорлик уни руҳ азобига сола бошлайди. Чорсуда дадажонимни урган маст йигит, аяжонимнинг иккита дўппиларини олиб қўйган қориндор милиционер, тоғажонимга аталган ошни еб қўйганлар… Агар йигитлик чоғимда мўъжиза юз бериб шулар менга рўпара бўлишганда тепкилаб-тепкилаб хумордан чиқардимми, деб ўйлайман.
“Шайтанат”даги Асадбек улғайганида отасини қамоққа олиб кетганларни топади ва қасосини олади. Аслида ўзим шундай қилишни истар эдим… Боланинг кўз ўнгида отаси ёки онасини ҳорлаган кимсалар оқибатда жазосиз қолмасликлари керак, деб ўйлайман.
Афсуски, бола чорасиз, лекин адолатсизликка қарши қалбида бир вулқон куч тўплайди. Ривоят қиладиларки, ўғри ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшоҳ ҳузурига келиб, тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди:
– Отамнинг қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт
СКАЧАТЬ