Анвар дўстининг бўғиқ овозидан унинг хафа бўлганини тушунди, кўз милкларининг чети тиришиб, қизариб кетди. Унинг сал нарсага қизариши ҳам, қизлардек тортинчоқлиги ҳам, чиройли чеҳраси ҳам кўпинча Алимардоннинг жиғига тегарди.
– Кеч қолдим-а? Тўғрими? – деди Анвар узр сўраган оҳангда.
Кейин бегуноҳ кўзларини Алимардондан узмай яна ўша паст, ўйчан оҳангда гапирди:
– Ишга бордим. Ҳеч иложини қилолмадим. Биринчи кун…
Алимардон унинг ўзига эмас, шифтнинг бир чеккасига қараб сўради:
– Ўша телестудиягами?
Анвар дўстининг гап бошлаганидан қувониб кетди.
– Ҳа. Биласанми, музика редакциясига! – У севинчдан чеҳраси ёришиб, ўрнидан турди. – Сен соғайишинг билан студияга борасан. Ҳозир у ердагилар ёш артистларга жуда муҳтож экан. – У дўстига синчиклаб қараб қўйди.
Алимардон мийиғида кулди-ю, индамади. Кўнглида ғижинишми, адоватми, аллақандай хира бир туйғу уйғонди. ўзидан олдин Анварнинг иш бошлагани, қувонч билан гапириши унга ёқмади.
Унинг ўзини ҳам шаҳардаги музика мактабига ўқитувчи қилиб тайинлашган, аммо ҳали иш бошламагн эди.
Анвар дўстини ранжитиб қўйганини пайқади шекилли, индамасдан бориб қоғоз халтани очди.
– Узум ейсанми? – деди турган ерида бурилиб қараб. Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай ҳовлига чиқиб кетди. Зум ўтмай тўрт бурчак патнисда икки бош узум кўтариб кирди. Яна каравот олдида чўккалади. – Ол, жуда ширин экан…
Алимардон кўз қири билан қараб қўйди. Сап-сариқ ҳусайнилар товланиб турар, шудрингдай сув томчилари таранг, текис узум доналари устида жилоланар эди.
Анвар икки дона узумни узиб олди.
– Оғзингни оч!
Алимардон узумни карсиллатиб ер экан, беихтиёр жилмайди.
– Шаҳарда нима гаплар?
– Тинчлик… – Анвар қизларникига ўхшаш тимқора кўзларини сузиб қўйди.
Алимардон унинг қизиқ бир янгилик айтишга оғиз жуфтлаб турганини сезди.
– Гапиравер! – деди жилмайиб.
Анвар ялт этиб унга қаради.
– Муқаддам шу ерга – Бўстон гузаридаги дўхтирхонага ҳамшира бўлиб келибди…
“Ҳа, шунинг учун оғзи қулоғида экан-да!” Алимардоннинг кўнглида яна ўша чалкаш туйғу уйғонди. Анвар бу қизни яхши кўришини кўп гапирар эди. “Бу ёғи ҳам беш бўлибди… Қизиқ, бир хил одамларнинг иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Меники-чи?” Алимардон ичидан хўрсиниб қўйди.
– Яхши! – деди хушчақчақ гапиришга уриниб. – Бизни келиннинг ўзи даволар экан-да?
– Айтдим унга… – Анвар бир шингил узумни унга тутқазди. – Бугундан бошлаб ҳар куни келиб туради. – У тўсатдан эсига тушгандек сўради… – Мастава қилиб берайми… Афтингни буриштирма, яхшилаб пишираман…
Салдан кейин Анварнинг ошхонада гурсиллаб ўтин ёргани эшитилди. Зум ўтмай дераза орқасида Анварнинг ўзи кўринди. У майкачан бўлиб олган эди.
– Ҳаммаёқ СКАЧАТЬ