Название: Моррининг сешанба дарслари
Автор: Митч Элбом
Издательство: ZABARJAD MEDIA
isbn: 978-9943-7083-1-0
isbn:
– Бу дардни қандай орттирдим? – сўради Морри. Ҳеч ким буни билмасди.
– Касаллик ўлимга олиб борадими?
– Ҳа.
– Демак, ўламан?
– Ҳа, – деди шифокор. – Жуда ҳам афсусдаман.
У деярли икки соат давомида сабр билан Морри ва Шарлоттанинг саволларига жавоб берди. Хайрлашиш чоғида шифокор уларга ALS ҳақида маълумотлар ёзилган митти брошюраларни берди. Улар банкда ҳисоб рақами очишда тақдим этиладиган брошюрачаларни эслатарди. Ташқарида қуёш чарақлар, одамлар ўз ташвишлари билан югуриб юрарди. Ана, бир аёл автотураргоҳ ҳисоблагичига танга ташлашга ошиқмоқда. Бошқаси эса бозор-ўчарини елкалаб олган. Шарлоттанинг хаёлида минглаб ўйлар ғужғон ўйнарди: “Қанча вақтимиз қолди экан? Энди нима қиламиз? Қандай кун кўрамиз?”
Кекса профессорим эса бу пайтда атрофда ҳаёт бир маромда давом этаётганидан ҳайратда эди. “Ҳаёт тўхтаб қолиши керакмасмиди? Наҳотки одамлар менга нима бўлганидан бехабар бўлишса?”
Бироқ ҳаёт тўхтаб қолмади, у Моррининг аҳволига эътибор ҳам бергани йўқ. Морри мадорсиз қўллари билан машина эшигини очар экан, ўзини тубсизлик қаърига қулаётгандек ҳис қилди.
– Энди нима бўлади? – ўйлади у.
Кекса профессорим саволларига жавоб излар экан, касаллик уни тобора енгиб борарди: кундан-кун, ҳафтамаҳафта… Бир куни эрталаб машинасини гараждан олиб чиқаётиб, тормоз педалини босишни зўрға уддалади. Шу билан машина ҳайдашдан ҳам воз кечилди.
Ҳадеб қоқилавергач, ҳасса сотиб олди. Шу тарзда мустақил юришга ҳам якун ясалди.
У мунтазам Ёш насронийлар жамиятига сузишга қатнарди, лекин энди мустақил ечинишни ҳам эплолмай қолди. Илк марта шахсий ёрдамчи ёллашига тўғри келди. Тони исмли илоҳиёт фанлари талабаси унинг сув ҳавзасига тушиб-чиқиши ва сузиш кийимини кийиб-ечишига ёрдам берадиган бўлди. Ечиниш хонасидаги сузувчилар ўзларини уларга қарамаётгандек тутар, бироқ барибир томоша қилишдан тийила олмасди. Шу билан ҳаётини бегона кўзлардан яшириш имкони ҳам бой берилди.
1994 йилнинг кузида Морри Брандейс кампусига университетдаги сўнгги курсини ўтиб беришга келди. Келмаса ҳам бўларди. Университетдагилар тушунишарди. Шунча одамнинг кўз ўнгида азоб чекиб нима қиласан? Уйда ўтир. Битмаган ишларингни якунига етказ. Аммо Морри ишдан кетишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Морри ўттиз йилдан ортиқ унга иккинчи уй вазифасини ўтаган аудиторияга оқсоқланиб кириб келди. Ҳасса ёрдамида юргани сабабли курсисига етиб олишга бир мунча вақт кетди. Ниҳоят курсига жойлашиб олди ва кўзойнагини тушириб, унга жимгина тикилиб ўтирган ёш чеҳраларга қаради.
– Дўстларим, барчангиз бу ерга ижтимоий психология фанини ўрганиш учун йиғилгансиз деган фикрдаман. Мен йигирма йилдан бери шу фандан дарс бериб келаман ва бугун биринчи марта бу курсга ёзилиш таваккалчилик эканини айтиб қўйишни лозим топдим, чунки тузалмас дардга чалинганман. Умрим семестрни якунлашга етмай қолиши мумкин. СКАЧАТЬ