Ўзлик сари етти қадам. Жавлон Жўраев
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ўзлик сари етти қадам - Жавлон Жўраев страница 5

СКАЧАТЬ Ҳеч бир одам хато ишлардан суғурта қилинмаган – беайб Парвардигор. Бироқ хатонинг олдини олишнинг биргина муҳим тамойили бор: ҳар қандай қарор қабул қилинишида қалбингиз иштирок этсин. Агар бирор ишга аҳд қилсангиз-у, кўнглингиз бу қарорингиздан нотинч бўлса – бу ишдан воз кечганингиз маъқул.

      Ҳаммаси шунчалар осон – ҳам қийин. Қийинлиги шундаки, одамлар ўз қалбига қулоқ солиш қобилиятини йўқотиб бормоқдалар ва юқоридаги тавсиялар амалий фойда бермаслиги мумкин.

      Биласизми, ақл ва қалб – кўпинча ҳар хил нарсани истаганлари билан – бир мақсадни, яъни сизнинг фаровонлигингизни кўзлайдилар. Фақат ақл бунда устунликка интилаверади. Аслида эса қарор қабул қилишга қалб ихтисослашган – ақл эса бу қарорни амалга ошириш йўлларини излаш билан шуғуллангани маъқул. Агар вазифалар шундай тақсимланишига эриша олинса, ҳаётда инсон афсусланадиган нарсалар деярли қолмайди.

      Ақл билан қалбни дўстлаштиринг – улар иттифоққа киришса, сиз бу дунёда қила олмайдиган иш бўлмайди.

      Кўпчилигимиз бировнинг ақллилик даражасини унинг билимдонлиги билан ўлчаймиз. Аммо ақл – бу билим, билим эса – бу ақл эмас. Ақлли одам билимсиз бўлиши, билимли одам ақлсиз бўлиши мумкин (бунга ҳайрон бўлманг). Қадимгилар биздан оз нарса билишган, лекин шу оз билимдан ҳам унумли фойдаланиб яшашган. Биз, ахборот асри одамлари, улардан анча кўпроқ нарсани биламиз – аммо шундаям ақлий фаолиятда аждодларимизчалик бўлолганимиз йўқ.

      Билимга ақлсиз ҳам эга бўлиш мумкин. Шердан қочаётган кийик йиртқич унга етиб олса, унинг ҳаёти барҳам топишини билади – гарчи буни англамаса ҳам. Бу билимни унга қалби етказади. Бу билимни унга табиат ато этган.

      Аслида қалб дунё билимлари майдонига тўғридан-тўғри улана олади. Кўнгилнинг бу қобилиятидан бошқа жонзотлар усталик билан фойдаланадилар. Инсон эса ақлига таяниб атроф дунёни ўрганишга шу даражада кўникиб кетганки, буни қалби орқали амалга ошириш қобилиятини сустлаштириб қўйган.

      Интуитсия (қалб билими) шу даражада тўғри ишлайдики, кўпчилигимиз бунга шахсан амин бўлганмиз ва буни рад эта олмаймиз. Бирор ишга кўнглингиз бўлмаса, бирор жойга оёғингиз тортмаса, ёки ичингизда нимадир сизга бирор ишни буюриб қолса – сиз билан қалбингиз сўзлашяпти демак. Она фарзанди узоқ сафардан қайтаётганини сезиб туради. Баъзи одамлар эса ўз ҳаётлари поёнига етаётганини аввалдан билиб, бунга тайёргарлик кўра бошлайдилар.

      Қалб билиши мумкин бўлган нарсалар на вақтда ва на фазода чекланган бўлади. Ақлга эса маълумот олиш учун восита керак (кўз, қулоқ ва бошқа сезги органлари каби). Кўнгил билмаган нарсани ақл билиши мумкин эмас – аммо ақл билмаганини қалб билади. Интуитив билимлар шунинг учун ҳар доим тўғри бўлади.

      Бу дунёда бошқалардан кўпроқ ёки озроқ биладиган одам йўқ – ҳар биримизда чексиз билим манбаи – қалбимиз бор. Дунё деган муаллимдан сабоқ олиб, қалб деган дарсликдан кўпроқ мутолаа қилиб турсак – бахт учун ана шу етарли.

СКАЧАТЬ