Кечирим сўрадим. Нима учун шунча югур-югур бўлганимизнинг сабабини тушунтиришга ҳаракат қилдим.
“Шу ишни эрта кундуз куни қилса ҳам бўлардику”, деган аниқ жавобни уқиш қийин эмасди унинг ҳозирги муносабатидан.
Яна бир оз кутишдан сўнг тақриз қўлимизга тегди. Раис аёлни, Абдуллаевни олиб бориб қўйиш ташвиши бошланаётган эди менинг хаёлимда, Абдуллаев Мирза акага қўл узатди:
– Сизларга муваффақият тилаб хайрлашамиз. Узр, ҳимоя қилиш ўзимни ҳам бошимдан ўтган эдику, бу сингилни бир оз қийнаб қўйибмиз-да, раис опани уйларига ўзим ташлаб ўтаман, тонг ёришишга далага етиб боришим керак…
Чиройимиз бир оз очилган ҳолда хайрлашдик. Хиёбондан ўтиб, Офицерлар уйига етмасимиздан яна синов: машина бузилди. Мирза ака анча ғивирлади. Бир-икки машина ҳам тўхтади. Бир шофёр танишроқ эканми, юкхонасидаги сумкасидан қандайдир сим чиқариб ўзи ҳам ёрдамлашди. Шукур. Ҳар қалай юрди, Хадрага келганида яна тўхтади. Кўчада машина ҳаракатлари анча сийраклашган, вақт алламаҳалга бориб қолган кўринади.
Мирза ака машина билан овора. Бирдан ўзим сезмаган ҳолда “вой”, деб овозим чиқиб кетди.
– Нима бўлди яна? – энди Мирза аканинг овозида норозилик оҳанги.
– Кечирасиз, биринчи оппонентга қўнғироқ қилишим керак-ку, тақризни олсангиз хабар қилинг, кеч бўлиб қолди деб тортинманг, деган эдилар. Нега боя институтда турганимизда хаёлимга келмади, ахир, у ерда телефон бор эди-ку, яна қаёққа чопаман, бу ишни эрталабга қолдирсам, қўнғироқ қилишим учун шаҳарнинг бирон жойига чиқишим керак. Бу атрофда автомат телефонлар ҳам йўқ.
– Ҳа, топдим, топилди.
Оёғи куйган товуқдай питиллаётган одам, уловини йўқотиб топиб олган одамдек суюниб кетдим. Ўша йиллари университетнинг тарих, шарқшунослик, филология факультетлари дорихонанинг тепасидаги баланд иморатда эди. Мирза ака ўзи билан ўзи овора, бошини қашийди. Чеккасини ушлайди, папирос чекади. Мен баланд зинадан чиқиб факультет эшигини тақиллатаяпман. Қани энди, қоровул эшита қолса. Охири эшитдими, коридорнинг нариги бошидан хотиржам юриб кела бошлади. Кўрдики, эшик қоқаётган мен, аёл киши.
– Тинчликми, хизмат, – дегандек эшикни очмай қараб турибди. Хаёлимга бир фикр келди. 03 рақамини ёздим. “Тез ёрдам”ни чақиришга телефон қилиш кераклигини ишора билан тушунтирдим. Эшикни очди-ю, менга бошдан оёқ разм солди. Узр сўрадим, шу ерда ишлашимни айтиб, ўзимни таништирдим. Қўнғироқ қилишим зарурлигини ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим. Гапираяпман-у, зўрға ўзимни тутаман. Столини ён томонидаги тумбасини ичига солиб қўйган телефонни олишга шошилмайди ҳам. Тумбани очаётиб узоқ эснади. Аппаратни столга қўйди, рақам тераяпман, қўлим қалтирайди. Олимларни тун қўриқчиси деб бекорга айтишмаган экан. Икки марта чақирмасданоқ гўшак кўтарилди. Саломлашишни ҳам унутдимми, СКАЧАТЬ