Шу-шу сайрайдию биров
нима деяётганини тушунмас.
Тушунмагани учун роҳатланар.
Сўз ўзи ортиқча.
Ибн Сино билан Шайх сўзсиз сўзлашган-ку.
Тақво билан Худони таниган – обид.
Ақл билан таниган – ориф.
Қалб билан таниган – сўфий.
Яна мана бундай:
Йўл гардига айланган – мусофир,
Эл дардига айланган – шоир,
Гул рангига айланган – мусаввир!
Бир улуғ Шайх Ибн Сино довруғини эшитиб,
уни кўргани,
у билан суҳбат қургани келар.
Ҳар иккови бир муддат сукут сақлаб,
бир-бирларига тикилиб туришар.
Сўзсиз суҳбат охирида ҳар икки улуғ зот
ўта иззат-икром билан хайрлашар.
Кейинчалик Шайх муридларига сўзсиз суҳбат
ҳақида гапириб, Ибн Сино ҳақида
«Мен Оллоҳни қалб билан таниган бўлсам,
у ақл билан таниган экан», деб айтар.
Худди шундай,
Ибн Сино ўз шогирдларига Шайх ҳақида
«Мен Оллоҳни ақл билан таниган бўлсам,
у қалб билан таниган экан», деб айтар.
Бир пас сўзламай, кўнгилга қулоқ солиб ўтириш,
сўзсиз суҳбат қуриш нақадар яхши!
Одамлар энг нозик сирларини сўзлашмас,
кўнгилдан ўтказишар.
Ҳамма фикрни кўнгилдан ўтказиш мумкин,
лекин ҳамма кўнгилдан ўтганини сўзлаб бўлмас.
У ҳолда хотин эридан юз ўгирар,
дўст биродари билан юзкўрмас бўлиб кетар.
Кўз сўзга айлангани қандай яхши!
Сўзни эшитиш сўзни беқадр қилиб қўяр.
Сўзни, яхшиси, англаган маъқул.
Сўзни ўқиш – маънога,
Сўзни англаш моҳиятга етаклар.
Сўз кўзга айлангани қандай яхши!
Рўмий ҳазратлари айтган эдилар-ку:
кўзга айлансин кўнгил.
Бамисли жавҳару зар тоғ ичинда,
Моҳият нарсанинг андоқ ичинда.
Тафаккур дур каби ноёблигидан
Мудом тутмиш макон чаноқ ичинда.
Ясаб тоштахтадан мўъжаз иморат,
Мағиз қадри баланд ёнғоқ ичинда.
Очар япроқ ичинда лола рухсор,
Муҳаббат лаззати ардоқ ичинда.
Сенинг асли тилинг, ай ёр, шириндир,
Садафдан қўрғони дудоқ ичинда.
Қабоқ устида қолмиш қош, сабабким
Қароғ – кўз гавҳари қабоқ ичинда.
Азал ҳукмин, аё, ҳар лаҳза ёд эт,
Азиздир жон қазо – сиртмоқ ичинда.
Униш бордир, яшаш бор, яшнариш бор,
Сўлиш бордир гўзал шу боғ ичинда.
Мурод шу, қолдириб бир майса яшноқ,
Моҳият касб этмоқ тупроқ ичинда.
Хуллас, Бола Ботирдек ҳофиз бошқа дунёга келмаган.
Унга бир гал қиёмат кўпкари бўлиб ётганда
чортоқда қўшиқ айтдиришар.
Чавандозлар қўшиқ селига маст бўлиб
Отларини совутишар.
Шу асно
Кўндалангига от ўйнатиб ўтар
тулки тумоқ кийган чавандоз.
Чавандоз қораширғай, кўзлари кўк бўлиб кўк эмас,
Мовий бўлиб СКАЧАТЬ