Ёдинг била, билки, равшан андиша чироқ,
Нуринг била қилди ёғдулиқ пеша чироқ.
То гавҳари хокингни фалакдан олдинг,
Қилди ани ўзига бир шиша чироқ.
«Лутфингни сенинг, ки, пойладим мен юз йил…»
Лутфингни сенинг, ки, пойладим мен юз йил,
Сиррингни юракка жойладим мен юз йил.
Садафда дур каби лабим ичра сўзинг,
Тиш остинда сени авайладим мен юз йил.
«Ҳар қанча узоқ бўлса-да қутлуғ манзил…»
Ҳар қанча узоқ бўлса-да қутлуғ манзил,
Сен бирла ҳаёт эрур у беҳишт – маҳфил.
Кўзлардаги пардани кўтар, эй ғофил,
Манзил-ку йироқ, унга яқиндир дил, бил.
«Етказмади наф бизга агар нақлимиз, оҳ…»
Етказмади наф бизга агар нақлимиз, оҳ,
Дурлар эзамиз тош ила ва ҳақлимиз, оҳ.
Дилларга заҳар сочди бириккан тиллар,
Шул боис, ахир, кирди бироз ақлимиз, оҳ.
«Бизлар-ку алам тузоғидан озодмиз…»
Бизлар-ку алам тузоғидан озодмиз,
Ғам еб бу кўнгил тўқ ва шу боис шодмиз.
Ҳушёрлик ҳиди ва рангини билмасдан,
Чун баргиси мор – масти модорзодмиз.
«Йиғлаб кеча пок сийна бўлибман, дўстлар…»
Йиғлаб кеча пок сийна бўлибман, дўстлар,
Беғашу бекийна бўлибман, дўстлар.
Кўз ёш ювибон кўнгилда бор кир-чирни,
Охири ойина бўлибман, дўстлар.
«Ишқ дастида оҳларга муносиб бўлдик…»
Ишқ дастида оҳларга муносиб бўлдик,
Ишқ аҳдини боғларга муносиб бўлдик.
Ташладику нигоҳ, кўриб покларни,
Бизлар-да нигоҳларга муносиб бўлдик.
«Мангу бу оламда, қани, ким бўламиз…»
Мангу бу оламда, қани, ким бўламиз,
Бир лаҳза отиб тонг каби, таслим бўламиз.
На атру, на ранг, на завқ қолмайди абад,
Яйраймизу бир, жим бўламиз… жим бўламиз…
«Дилда не ҳол бир куни этгум? Билгум…»
Дилда не ҳол бир куни этгум? Билгум,
Қай Дажла бўлиб кўзимдан кетгум? Билгум.
Ўлмасдан аввал кирса бас ақлим. Бир кун
Қайси бир остонага етгум? Билгум.
«Сен-ку йироқ. Қулоққа достон келди…»
Сен-ку йироқ. Қулоққа достон келди,
Қутлуғ нафасинг билан гулистон келди.
Ноз ўқини юз қадам наридан отдинг,
Жон кетдими, билмадим, ва ё жон келди…
«Узлатда бари фақр эли шодондирлар…»
Узлатда бари фақр эли шодондирлар,
Ўзга бари эл ғофилу нодондирлар.
Чун тикса кўзин яхши-ёмонга ногоҳ,
Ҳар мижжаси жизғинак бўлиб, қондирлар.
«Қомати бутларинг сабаб дилда тугун…»
Қомати бутларинг сабаб дилда тугун,
Ишқ ҳусни ўзингдаю, ўзинг жилва бугун.
Кўйингдаги тупроқ тутиё кўзларга,
Бошқаси бир шунчаки ўткинчи кукун.
«Бизлар СКАЧАТЬ