13
Гулчеҳранинг Жобирбек билан биргаликдаги ҳаёти болдан-да тотли кечиб келарди. Икки фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб тинч оилада тотув яшашарди. Гулчеҳра гоҳ-гоҳи ўз бахтидан масрур бўлиб, ширин хаёлларга берилар, келишган, уддабурон, топармон-тутармон эри; бири-биридан ширин фарзандларининг сувратига боқиб: «Мен дунёдаги энг бахтли аёлман!» – деб мағрурланарди. Шундай кезлари оёғи ердан узилиб, еттинчи фалакда сузиб юргандек сезарди ўзини.
Бир йил муқаддам нима бўлди-ю, икки ўртадаги меҳр ришталари узилди. Ораларидан қора мушук ўтди. Жобирбек уйдан безиди. Гулчеҳра жиззаки бир аёлга айланди. Эрини ҳар гал Тошкентга сафарга жўнатаётганида очиқ юз билан кузатиб, очиқ чеҳра билан кутиб олувчи хотин энди хайрлашиш ўрнига аччиқ-тизиқ гаплар билан тузлар, қайтганида киноя ва кесатиқ аралаш заҳар сочиб қаршилайдиган одат чиқарди.
– Нима бўляпти ўзи? – Жобирбек шу саволга дуч келса, ўзини тубсиз ўпқонга қулагандек сезарди: на кўкдан, на заминдан қўним топмас, ноиложликдан бу ҳақда ўйламасликка уринарди. Аммо бу безбет ўйлар хаёлига сўраб-нетмай кириб келаверарди: «Хотинига нима етишмаяпти ўзи?! Истагани муҳайё бўлса! Эрка, тантиқ бўлиб боряпти кундан-кун. Ношукур банда!».
Тиланчи узатилган кафтига бир нима ташламагунингча, ҳузурингдан нари кетмагани каби, Жобирбекнинг хотини ҳақидаги ўй-фикрлари ҳам сира тарк этмасди. Кўнглини безовта қилиб турган шилқим саволларни даф этишга жавоб топа олмай қийналарди. Тўғри, Гулчеҳранинг ҳеч нимадан ками йўқ. Егани олдида, емагани ортида. Рўзғор ташвишлари, бичиштикиш, мол-ҳол, супир-сидир сингари юмушларни унутганига ҳам анча бўлди. Бу ишларни ҳизматчилар бажаришарди. Гулчеҳра фақат бир нарсага зориқиш сезарди, холос. Барча аёл зотига хос бўлган табиий бир ҳол: у ўз умр йўлдошидаги вафодорлик, муҳаббатни йўқотишни асло истамайди. На зебу зийнат, на дабдабаю асъаса унинг ўрнини боса олмайди. Агар жуфтида шу хислатни туймаса сабабини ахтаради. Агар оила равнақи, рўзғор ташвишлари бўлса чидайди, кўникади. Башарти, у буларни ҳеч ким билан бўлишишини хоҳламайди…
Гулчеҳра бир йил муқаддам қандайдир жувон қўнғироқ қилган ўша кундан бери ҳаловатини йўқотди. Қулоқлари остида ўша масхаромуз овоз, аёллик шаънини таҳқирловчи сўзлар кетмай қолди:
– Вой, қанақа аёлсиз, Гулчеҳра опа! – худдики дугоналардай самимий гап бошлаганди у. – Эрингизни сал совутиб, попугини пасайтириб жўнатсангиз-чи, Тошкентга. Нақ зилзила-я!
– Сиз кимсиз? – эри ҳақида айтилаётган «мақтов»дан гангиб қолган Гулчеҳранинг топган гапи шу бўлди. – Телефон рақамини теришда янглишмадингизми, ишқилиб?
– Вой, Жобирбек акамнинг уйларими шу?
– Ҳа-а, шу!
– Мен эрингизнинг жазманиман! Сизга жоним ачиганидан телефон қиляпман. Оилаларингиз бузилмасин, дейман. Кеча Жобирбек акамдан, «бунча аёлга ўчсиз», десам, улар дардларини ёрдилар: «Жоним, хотиним бор, аммо у жонсиз тарашанинг ўзи. Мен эсам атомнинг СКАЧАТЬ