Она: – Оила икки кишининг пайвандидир. Лекин барибир оғирлик асосан аёлда… Қизларнинг онаси турмушда шу қийинчиликларнинг табиийлигини тушунтиришлари керак. Ичига ютган юзага чиқади ахир бир кун…
Қайнона: – Бировнинг боласи, туртилмасин, суртилмасин деганим сари ҳар бир ҳаракатимни келин болам тескари олдилар. Болам туфайли келган болам, ўғлимга йўлдош деганим сари «Мени ҳамма ерга уради!» деб оналарига додлаб боравердилар. Майли, жинига тўғри келмадик шекилли деб, рўзғорини бўлак қилиб қўйдик. Эру хотин яхши бўлса бўлди-да! Уч йил ўқитдим. Неварагинамни икки ёшигача парваришладим. Бир ойлигидан энагалик қилдим. Рўзғори бўлак бўлгач, ўғлимни менсимайдиган бўлди. Алоҳида яшай бошлаганига бир ой ҳам бўлмай, ўқиши битди-ю, болани ҳам олиб чиқиб кетди. Кўп ўйлаб, келиним хотинликни, оналикни тан оладиганлар сирасидан эмас экан, деган қарорга келдим. Катта хонадонимнинг меҳрига тузлуққа тупургандек тупириб кетди. Худонинг ҳукмига солдим! Бошқа чорам йўқ, ўғлимни қайта уйлантираяпман… Яна ич-ичимдан унга ачинаман. Онасига ачинаман. Ҳе йўқ, бе йўқ, қизини ажратиб олиб кетди. Ҳадисда ўқиган эдим: муслима аёллар ўз синглисининг талоқ қилинмоғини талаб қилиши макруҳ экан. «Бундай аёлнинг бети қурсин! Зеро, унга ҳам кўз тиккан бало бордур!» дейилган ўша ҳадисда. Охирати у ёқда турсин, эртанги кунини ҳам ўйламайди шекилли улар…
Кунда эшитамиз шундай гапларни. Хотирангга михлаб, қалбингга оғир тош бўлиб чўкиб қолади улар. Ўйлайсан… Ўйлайсан…
Дунёда неча хил халқ, неча хил мамлакат бўлса, уларнинг нашр этган беҳисоб адабиётлари ичида оила, оилавий муносабатлар, оиланинг жамиятда тутган ўрни хусусида алоҳида варақлардан тортиб, катта-катта энциклопедияларгача, ҳукумат қарорлари, низомларидан тортиб, кодексларгача учратиш мумкин. Оила нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати. Инсониятнинг тириклиги, узлуксизлиги – оиладан. Чунки оиланинг бирламчи, бевосита вазифаси башарият занжирини соғлом авлодлар билан улаб боришдан иборат. Шунинг учун оила – муқаддас, буюк ҳисобланади ва оилани тузиш, мамлакатни ташкил қилиш каби муҳим деб саналади, оиланинг барқарор ва бахтли ҳаёти – шу мамлакатнинг юзи, обрўйи деб қаралади.
Оилага нима учун бундай катта эътибор берилади? Шунча адабиёт чиқаришдан кўзланган мақсад нима? Ислом никоҳ, оилага қандай қарайди?
Ислом динида роҳиблик йўқ. Аксинча, Қуръони каримда, Ҳадиси шарифда уйланиш, оила қуриш ҳақида кўп чиройли амрлар бор. Оила, яхши оила диннинг саломатлигини, иймоннинг барқарорлигини сақлаб қолувчи, уни ривожлантирувчи хуш хулқлик, солиҳ кишиларни, ибратли инсонларни тарбиялаб етиштирадиган қутлуғ даргоҳ эканлигига ишора бор. «Тақдир илоҳий», «Осмон никоҳи» деймиз. Бу – шу ишоранинг қалбимизга сингиб кетганидан далолат. Қалбимизнинг шу тўқ жойига шукрлар қилганча умид ва ҳукмимизни ҳатто ёрёрларда ифода СКАЧАТЬ