Название: Алвидо, қурол
Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-19-463-2
isbn:
– Қаерларда қолиб кетдингиз?
– Постларни текшириб чиқдим.
– Лоақал икки энли хат ёзиб, айтиб қўйсангиз бўлмасмиди?
– Йўқ, – дедим мен. – Ўнг келмади. Мен шу куниёқ қайтаман девдим.
– Бари бир менга бир оғиз айтиб қўйиш керак эди, жоним.
Биз хиёбондан бурилиб, дарахтлар остидаги йўлкадан юрдик. Мен унинг қўлидан тутдим-да, тўхтаб уни ўпдим.
– Бирон ерга борсак бўлмайдими?
– Йўқ, – деди у. – Биз фақат сайр қилишимиз мумкин. Сиз жуда узоқ йўқ бўлиб кетдингиз.
– Бугун учинчи кун. Лекин мана, келдим-ку.
У менга қаради.
– Сиз мени яхши кўрасиз-а?
– Ҳа.
– Ростдан ҳам ахир сиз мени яхши кўраман, деган эдингиз, а?
– Ҳа, – ёлғонладим мен. – Мен сизни севаман.
Мен унга бундай деб айтмагандим.
– Мени Кэтрин деб чақирасиз-а?
– Кэтрин.
Биз яна озроқ юриб, яна дарахт тагида тўхтадик.
– Бундай денг-чи: кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.
– Кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.
– Жоним, сиз ахир қайтиб келдингиз, тўғрими?
– Ҳа.
– Сизни шундай севаманки, мен шундай ёмон аҳволга тушдимки… Энди бошқа кетмайсиз-а?
– Йўқ. Мен ҳар доим қайтиб келаман.
– Сизни шунчалар севаман. Қўлингизни мана бу ерга қўйинг.
– У доим шу ерда турибди.
Мен уни ўзимга қаратиб олдим, ўпганимда юзи менга кўриниб турарди, кўзларини юмуб олганди. Унинг юмуқ кўзларидан ўпдим. Мен унинг табиатида бир оз девонасорлик бордир, деб ўйладим. Аммо бари бир эмасми? Мен бунинг оқибати қандай бўлишини ўйлаб ўтирмасдим. Бу ҳар куни кечқурун офицерлар харобатхонасига боришдан кўра маъқулроқ эди, у ерда ойимтиллалар бўйнингизга осилиб олишади-да, кўнгиллари сизда эканлигини кўрсатиш учун. Бошқа офицерлар билан юқорига чиқиб-тушиб туришаркан, сизнинг шапкангизни олдини орқага қилиб кийиб олишади. Мен Кэтрин Барклини яхши кўрмаганимни, яхши кўриб қолиш ниятим ҳам йўқлигини билардим. Бу худди ёлғондакам қимордай гап, фақат бунда қарта ўрнини гап босарди. Ўша ўйинда ўзингни худди кулгилик учун ёки бошқа бирон нарсага ўйнаётгандай қилиб кўрсатасан. Бунда ҳам шундай. Ўйин нима бадалига ўйналаётгани ҳақида бир оғиз ҳам гап бўлмади. Лекин менга бари бир эди.
– Қаёққа борсак экан, – дедим мен. Бошқа эркаклар каби мен ҳам узоқ тик оёқда туриб ишқибозлик қилишни ёқтирмасдим.
– Ҳеч қайга, – деди у. У хаёлидаги оламдан ерга қайтди.
– Шу ерда бирпас ўтирайлик.
Биз япасқи тош ўриндиққа ўтирдик, мен Кэтрин Барклининг қўлини тутдим. У ўзини қучоғимдан олиб қочди.
– Сиз жудаям чарчадингизми?
СКАЧАТЬ